Маънавият сарчашмаси. Услубий қўлланма - страница 2

Шрифт
Интервал


Текшириш, кузатиш ва ўзаро тажриба алмашишлар жараёнида шу нарса аён бўлдики, аҳил жамоамизнинг ҳамжихатлиги, изланишлари бежиз кетмаяпти. Хар бир педагог ўз фани бўйича замон, давр талаблари даражасида пухта билимга эга бўлишлари билан бирга маънавий кўникма, малакага эга эканликларини машғулотлар жараёнида кўрсатиб келишмоқда. Коллежимизда амалга оширилаётган ибратли ишлар, қўлга киритилаётган ютуқлар бош мезони ҳам маънавиятга эътиборнинг ошиб боришида дея эътироф этилди.

Чиндан ҳам билимли ва малакали мутахассислар тайёрлашимизда маънавий ва маърифий йўналишдаги ишларни изчил йўлга қўйганлигимиз ижобий самаралар бермоқда.

Ўқув даргоҳимиз 1999 – 2000 ўқув йилидан янги мақом асосида иш бошлади. Қурилиш ва касб- хунар коллежига айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг «Академик лицейлар ва касб- хунар коллежларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини бошқариш тўғрисидаги, «1999- 2003 йилларда академик лицейлар ва касб- хунар коллежларининг моддий техника базасини ривожлантириш ҳамда маблағ билан таъминлаш тўғрисида»ги қарорларнинг қабул қилиниши мустақил мамлакатимизда авлодлар баркамоллигини ўйлаб, ёшларнинг билим ва касб- хунар малакаларини янада пухта эгаллашлари учун яратиб берилган кенг имконият, бебаҳо имтиёз, катта ғамҳўрлик бўлди.

Бугунги кунда коллежимиз республикамиздаги ўз мавқеи ва нуфузига эга билим ва касб- хунар коллежига айланган. Буни навбатдаги ўқув семинари қатнашчилари ҳам кузатиб ўрганишларига асосланиб, алоҳида таъкидладилар. Ишларимиз хақида билдирилган хар бир фикр, истак, эътироф эса бизга янада катта масъулият юклайди. Бугун кечагидан, эртага бугунгидан яхши, унумли, сифатли ишлаш доимий шиоримиз.

Айтиш мумкинки, коллежимиз йилдан йилга чирой очмоқда, ичкариси ва ташқариси ўтган икки йил мабойнида тўла қайта таъмирланиб, юксак эстетик дид билан безатилди.

Янги замонавий ўқув жихозлари, техник асбоб- ускуналар сотиб олинди. Илгари радиоэшиттириш тармоғи фаолиятини йўлга қўйган бўлсак, эндиликда тўрт каналли ўз ички телестудиямизга ҳам эгамиз. Яна бир диққатга сазовор янгилик – ўқув ишлаб чиқариш устахонаси қурилиб, фойдаланишга топширилганлиги бўлди. Бу ерда талабаларимиз умумқурилиш, дурадгорлик ишлари, газ таъминоти жихозларини йиғиш ва таъмирлаш, қурилиш- пардозлаш ишлари бўйича олган назарий билимларини амалда қўллаб, аниқ кўникмалар хосил қиладилар, бунёдгорлик жабҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим ишлар тўғрисида муайян тушунча, тассавурга эга бўладилар.