Кишилик цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири бўлган Хоразм Ислом Каримов таъбири билан айтганда, илк ўзбек давлатчилигининг тамал тоши қўйилган муқаддас ўлкалардан биридир. Инсониятнинг маънавий бойлиги бўлган зардуштийлик дини ва муқаддас «Авесто» китоби айнан шу гўзал заминда яратилган, Қадимий Шарқнинг дастлабки комусий асари «Авесто» – аждодларимизнинг инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган минг йиллик диний- фалсафий, илмий-маърифий қарашларини ўзида мужассам қилган. Бундан уч минг йил аввал шу муқаддас заминда сунъий суғоришга асосланган юксак деҳқончилик маданияти, ноёб ирригация иншоотлари, гўзал шахарлар ва махобатли меъморий қурилишлар бунёд этилганки, негизида ўз ёзувларига эга бўлганлиги уларнинг саводҳон ва маърифатли кишилар бўлганлигини кўрсатади. Ўтган аср ўрталарида Хоразмнинг Тупроқ қалъа, Аёз қалъа, Қўйқирилган қалъа, Хазорасп ва бошқа антик қалъаларида акад, С.П.Толстов, Я.Ғ.Ғуломов, И.Ю.Якубовский ва бошқа қадимшунос олимлар томонидан топилган қадимги ёзув намуналари, рўзғор буюмлари, заргарлик ашёлари, нозик дид билан ишланган хайкаллар, сарой деворларига ясалган рангдор тасвирлар, Қўйқирилган қалъадаги қадимги расадхона ва илк астрономик асбоблар, буларнинг барчаси Хоразмда антик даврда маданий юксалишнинг юксак даражада бўлганлигини кўрсатади.
Берунийнинг гувоҳлик беришича қадимги хоразмликларда деҳқончилик ишлари билан алоқадор ўзларининг тақвим-календар тизими бўлган. Қишлоқ хўжалиги ишларини даврий режалаштириш эхтиёжи Хоразмда математика ва астрономия илмини кучли тараққий этишда муҳим рол ўйнаган.
Қишлоқ хўжалигининг асоси бўлган йирик канал ва суғориш иншоотлари қурилиши, гўзал шаҳар, сарой ва бошқа меъморий қурилишлар ҳам математика, геометрия, топография илмларининг ривож топишини талаб этади.
Ноёб заргарлик буюмлари ва рангдор тасвирий санъат намунала- ри бу ерда кимё ва минерология илмларининг юқори даражада бўлганли- гидан гувоҳлик беради. Хоразмликларнинг хорижий мамлакатлар билан олиб борган савдо ва маданий алоқалари география, картография ва этнография илмларининг эртаданоқ тараққий этишга таъсир кўрсатди. Демак Хоразмда қадимданоқ аник ва гуманитар илмларнинг яратилиши ва ривожланиши учун моддий ва маънавий замин мавжуд бўлган.
Хоразм Маъмун Академиясининг шаклланиши ва тараққий қилишида юқоридаги омиллардан ташқари антик юнон олимларининг асарлари ҳамда IX асрда Боғдоддаги «Байт-ул хикма»да фаолият кўрсатган элдошимиз Мухаммад ал-Хоразмий, Ахмад ал-Фарғоний, Ахмад ал-Марвазий, Аббос ал-Жавхарий каби олимларнинг илмий кашфиётлари ҳам мухим рол ўйнайди.