Меъморлар маскани. Китоб билим юрти ташкил этилганлигининг 30 йиллигига боғишланади - страница 5

Шрифт
Интервал


Техника транспорт воситалари билан етарлича таъмирлаш чораларини кўрди. Бугунги кунда ҳам Нариманов номли колхоз жамоли воҳа кўркига кўрк қўшиб, яхшидан қолган боғ бўлиб, гуллаб-яшнаб турибди. Дўсовнинг издоши Хива туманидаги Фрунзе номли жамоа хўжалиги раиси Рўзмат Мадаминов (ҳозир бу колхоз унинг номи билан аталади) ҳам қурилиш ишларига жуда катта эътибор бериб, ўзидан қутлуғ излар қолдирди. Катта маданият саройи, стадион, боғча ва мактаблар, консерва заводи қурилишига бош-қош бўлди.

Меъморлар, қурувчилар билан бирга тинмай елиб югурар, элдошларига қулай шароит яратиб бериш йўлида астойдил жон куйдирарди. Ҳозирги кунда марҳум Рўзмат Мадаминовнинг ўғли олий маълумотли мухандис қурувчи Матёқуб Мадаминов отаси номидаги жамоа хўжалигига бошчилик қилмоқда ва падарибузруквори ишларини давом эттириб, қишлоқда янги-янги замонавий иншоотлар қурилишига эътиборни кучайтирмоқда.

Воҳа шаҳар ва қишлоқларида бундай ҳайрли ишларга диққат эътибор бераётган халқпарвар инсонларни учратиш мумкин. Урганч, Дружба шаҳарларида, Богот, Ҳанқа, Кўшкупир туманларида қатор йирик замонавий иншоотлар қад ростлади. Бунга Хонқа туманидаги Охунбобоев номлижамоа хўжалигида амалга оширилган ишлар мисол бўла олади. Жамоа хўжалигига қайси томондан кириб борсангиз ҳам кўзингиз аввало боғларга тушади. Айниқса баҳор фаслида қадам ранжида қилгудек бўлсангиз, ўзингизни бамисоли жаннатда тургандек ҳис қиласиз. Мевали дарахтлар гуллаган, қушлар чуғур-чуғури, яшиллик, сувларнинг шарқираб оқиши ҳамма-ҳаммаси кўнглингизни кўтариб, қалбингизда эзгу орзу-умидлар уйғотади. Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлганлар хотираси учун бунёд этилган кўркам боғ, боғнинг қоқ ўртасида уруш қатнашчиларига ўрнатилган ёдгорлик салобат билан қад ростлаган. Санъат саройи, боғчалар, мактаблар бошқа замонавий иншоотлар Хоразм меъморчилигининг ёрқин намуналари эканлигидан далолат бериб турибди. Бир-биридан шинам, обод, гўзал посёлкаларда истиқомат қилаётганлар учун барча қулайликлар муҳайё: газ, водопровод, радио, телефон хизматидан баҳрамандлар.

Бироқ мутахассис сифатида айтишим мумкинки ҳамма жойда ҳам бундай шароит ва манзарани учратиш қийин. Барча туманларда ҳали замонавий архитектура талабларига мос равишда игшоотлар, маданий-маиший бинолар, турар-жойлар қурилган деб бўлмайди. Шаҳарларда ҳам гулзорлар, хиёбонлар, дам олиш масканлари, тўйхоналар яратиш керак. Айниқса бунга миллий эҳтиёжларимиз ва қадриятларимиз эътиборга олиниши лозим. Қурилиш соҳасида қилинадиган ишлар кўлами кенг. Аҳоли сони йилдан-йилга ошиб бораяпти. Шунга яраша қурилиш ишларини авж олдиришга талаб ўз-ўзидан ошиб бормоқда. Хоразмга етук ўз касбининг усталари бўлган қурувчилар, лойиҳачилар, меъморлар керак. Зеро малакали мутахассислар тайёрлайдиган махсус билим юрти очиш масаласини ҳал этиш даври етиб келган эди. Бу борада дастлабки қадамлар ташланди.