Кўргилик кўпгина ҳолатларда кутилмаган томондан келиб, кутилмаган натижа билан якунланади. Ҳар қандай қийинчилик билан бўлса ҳам ўрнини тикласа бўладиган кўргиликнинг жароҳати аста-секин битиб кетади. Лекин қайта битмайдиганининг асорати умрбод сақланиб қолади, қайта-қайта кўнгилни тирнайвериб охири битмас ярага айланади. Унга гирифтор бўлган кишининг афсус ва надомати бир умрликдир. Орқама-орқа келган кўргиликлар Муҳаммад Солиҳни ҳам қаддини букиб қўйди, фаолиятли ҳаётини йўқотиб, ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган, ўқтин-ўқтин пана жой топиб кўз ёши тўкадиган бўлиб қолди. Хулқидаги жўшқинлик, ҳазил-мутоибаларга бўлган мойиллик, юзидаги табассум уни мутлақо тарк этди. Жисмонан тетик ташқи қиёфаси йўқолиб, уларнинг ўрнини оқариб кетган соч-соқоллар, букилган гавда эгаллаб олди. Одамзотнинг тақдирга тан бермай иложи йўқ.
***
Катта орзу-умидлар билан яшаётган бечора йигитнинг бошига тушган оғир кўргилик уни хароб қилиб қўйди. Бирин-кетин касалга чалинган икки ўғлидан ажрайди, узоқ вақт даҳшатли кўргиликдан ўзига келолмай юради. Энди барча орзу-умиди ягона ўғли Убайдуллодан. Оллоҳ унинг умрини узоқ қилган бўлсин. Убайдулло ёқимтой болакай бўлиб ўса бошлади. Уни ота ва она еру кўкка ишонишмасди, Оллоҳдан умр тилаб парвариш қилишар, болани оила аъзолари билан бирдек тоғаси Муҳаммад Содиқ ҳам жуда ёқтирар, тез-тез улардан хабар олиб, совға-саломлар билан йўқлаб турар эди.
***
Оламдаги энг гўзал неъмат покиза инсоннинг покиза дили бўлса керак.
Ёвузликни мутлоқ йўқотиб бўлмаганидек, гўзаллик бўлган ва ҳар доим бўлади.
Олижаноблик ҳақида айрим олижаноб кишилар ҳақида ҳикоялар ҳатто асарлар ёзамиз, таҳсинлар ўқиймиз. Тарихга киритамиз, аслида жамиятнинг асосий қисми олижаноб одамлардан иборат бўлмоғи лозим. Олижаноблик оддий ҳол бўлмоғи керак. Қачонлардир келиб эҳтимол шундай бўлар, оддий инсон энг камида олижаноб кишига айланар. Баркамол одам бўлиш учун оддий турмуш сабоқларининг ўзи етарли эмас. Ҳаётий эҳтиёж жуда кўплаб йўлакларга етаклайди. Муҳтожлик нима, оч қолиш нима, меҳнат ва илм олиш нима барчасини билиш керак, билиш учун кўриш, ўрганиш керак. Кўрмай, билмай ўтиш яшамай ўтиш билар баробар, одам боласи бўлиб туғилиб, яшамай ўтиш жуда ачинарли ҳол.
Тараққиёт тўхтаб қолмайди. Тўхтатишнинг иложи ҳам йўқ, уни тинимсиз одимлашидан барчамиз баҳрамандмиз. Шу боис инсоният тараққиёти учун, одамларнинг бахтли ҳаёти учун яратилган ҳар қандай янгилик учун қувонишимиз шарт. Нодон буни тушунмайди, тушунишни хоҳламайди ҳам, қанақа-ки гўзал неъмат яратилса ўша нарсага қарши фаолият бошлайди, кишиларнинг омади унинг учун ёқимсиз воқеа, яратилган гўзал нарса унинг учун фожеа.