Исён устига исён Худоёрхонни жуда толиқтириб юборди. Шимолий вилоятларни бирлаштириб алоҳида ўлка қилиб, унга ўзининг энг ишончли одамларидан бири бўлган Мирзо Аҳмадни ҳоким қилиб тайинлайди. Ўта шафқатсиз ва қаттиқўл бўлган Аҳмад халқ ичида қаҳр ва ғазаб уйғотади. 1857 йилда хонликнинг шимолий қисмида катта қўзғолон кўтарилади. Кимга суянишни билмаган хон қўзғолонни бостириш учун каттагина қўшинга бошлиқ қилиб ўз акаси Маллахонни тайинлайди. Узоқ йиллардан буён фурсат кутиб юрган Маллахон учун бу тахтни эгаллаш учун жуда қулай шароит эди. Худоёрхоннинг атрофидаги анчагина амалдорларни ўз томонига оғдириб олган Маллахон тезлик билан ишга киришади, биринчи бўлиб қўзғолон чиққан вилоятларнинг ўлпон (солиқ)ларини бекор қилади. Уларнинг раҳбарларига совға-саломлар юбориб алоҳида меҳр кўрсатади ва яна аллақанча тадбирлар ўтказиб қўзғолончиларнинг меҳрини қозонади. Маллахон катта қўшин ёнига исёнчиларни ҳам қўшиб Қўқонга юриш қилади. Аллақачон хиёнат йўлига кирган хон амалдорлари Маллахон томонга ўтиб кетадилар. Ёлғизланиб қолган Худоёрхон Бухорога қочиб жон сақлашдан бошқа иложи қолмайди.
***
Инсоният ҳар доим орзу билан яшаган, интилган, курашган, олға одимлаган, адашган ҳам, талайгина инқирозларга учраб таназзулга ҳам кетган. Қувонч, умид қатори тушкунлик ҳамроҳи бўлган, лекин қисқа муддатли умидсизлик ўрнини шодлик, ишонч эгаллаб, қайтадан гоҳ секин, гоҳ тезлаб тараққий қилаверган. Замона кўргиликлари барча фуқароларимизнинг хаётида албатта акс этмай қолмайди. Мухаммад Солихнинг оиласи хам иқтисодий тангликда куч кечирар, қўл мехнатига асосланган махсидўзлик билан шуғулланиш бир ховли одамнинг эхтиёжини қоплайолмас, тинмай қилинган меҳнат ёнига аёлларнинг тикув – бичув ишлари ёрдамга келар, барибир етишмовчилик ва муаммолар бисёр эди. Айниқса қаҳратон қиш палласини ўтказиш жуда оғир кечар, чилланинг изғирин кунларига нимжон одамлар чидайолмай вафот этардилар, бахорга соғ-саломат етиб борган кишилар шукроналар айтишиб наврўз байрамини шодёналар билан кутиб олардилар, сумалак еб куч – қувватларини тиклаб олишар, тут пишиғида етиб олиш янада тотли бўлиб, қувончли ва шовқин – суронли ҳаёт бошланар, дехқонлар ризқ – рузи учун пешона тери тўкиб, янги хирмон яратиш билан машғул бўлардилар.
Умидлар дониси хирмонда қолур,
Боғу – роғ на санда, на манда қолур.