27***
Худоёрхон яна омадсизликка учради. 1863 йилда Алимқул Маллахоннинг ўғли Султон Саидхонни Қўқон хони деб эълон қилди. Султон Саидхон ҳам фитналарга дош беролмай 1865 йилда Бухорога қочди. Ўзи нима гаплигини ҳам яхши тушунолмай тахтга ўтирган Худойқулихонга хонлик курсиси атиги тўрт кун насиб қилди. Номаълум кишилар уни ҳам сарой ичида сўйиб кетдилар. Ҳеч қандай қаршиликсиз бўшаб қолган тахтга яна Худоёрхон ўтирди.
***
Муҳаммад Солиҳнинг юраги зирқираб оғрир, кўзида ёш бўлмаса ҳам дили куюниб йиғлар, таърифлаб бўлмайдиган оғриқ ичини тирнар эди. Бир эмас, бирин-кетин икки боласидан айрилди. Фарзанд доғи оғир бўлар экан, ҳеч кимнинг бошига тушмасин бундай кўргилик. Бунча ҳам бу умрнинг қувончидан кўра қайғуси кўп экан, қайғудан ҳоли яшаган одам бормикин бу оламда. У ўғли Убайдуллонинг кириб келишидан сесканиб, худди уйқудан уйғонган одамдек ўзига келди. «Шукур қилиш керак» пичирлади секингина ичида, ахир олдида яна бир ўғли бор-ку, Парвардигор ўзи берган нарсасини хоҳлаган чоғида қайтиб олаверади, сабаби ҳам ўзига маълум. Ана бу олдидагисининг умри узоқ бўлсин, Оллоҳ уни ўзи асрасин.
– Дада ҳайитлик берасизми? – деди Убайдулло тим қора ёқимтой кўзларини отасига қадаб.
– Албатта болажоним, айлантиргани ҳам олиб чиқаман.
– Раҳмат дада, қаерларга борамиз?
– Кўчаларни айланамиз, бозор кезамиз, сизга хоҳлаган нарсангизни олиб бераман.
– Обаки қанд ҳам олиб берасизми?
– Албатта, – деди Муҳаммад Солиҳ кўкрагига туф-туф деб.
Бу анчагина бўй чўзиб қолган ўғлидан тасалли топгани эди. Янги оҳорли беқасам тўн, «қошиқ»дек этикча кийиб олган ўғил билан ота ҳайит кунини нишонлаб кўчаларни томоша қилгани чиқиб кетишди. Бугун шаҳарнинг ҳамма бурчаги гавжум бўлади. Барча кишилар танишларини муборакбод қилишар, қучоқлашиб «айёмлари муборак» деб табриклашар, баъзи амакилар Убайдуллога ҳайитлик бериб, «катта йигит бўлинг» деб қўйишар эди. Ота-бола анча муддат шаҳар кезишди. Ота ўғлини «гўшт куйди», «кабоб» ва гармашўрак (нўхат) билан меҳмон қилди. Ўйин-кулгу ҳаммаёқни қамраб олган, чойхоналар гавжум, кимдир ош пиширишга уннаса, бошқалари аскияни тинглаб шарақлаб кулишар, бироз фурсат ўтиб ҳофизлар дилрабо қўшиқ ижро қилишар эди. Бугун ҳамманинг ўзи севган машғулоти учун шароит очиқ, кимдир ошиқ тепиб яйраса, бошқалар бўялган тухумларни уриштириб завқланишади, аллаким дор ўйинини кўриб қарсак чалса, яна кимдир «шиминг чайнаманг» чайнаб завқ олади. Чўнтакни тўлдириб пул ишлаб олишни билган «корчалонлар» бор маҳоратларини ишга солиб ҳаракат қилишар, «Келиб қолинг, олмаганлар армонда» деб бор овозлари билан бақиришар эди. Ота-бола баъзи бир нарсаларни харид қилиш учун бозор томонга бурилдилар, улар расталар ичидан юриб ўтишиб чапга бурилишди. Энг аввал бир даста ширмой нон билан ширинликлар, ёймачилардан тўрт мисқол «қорасақич» ва аёллар учун сурма олиб мева бозори тоомнга бурилишди. Оқкўлнинг таърифи қовунларидан бир жуфт харид қилишиб бозорни тарк этишди.