Бебошлик ва безорилик авж олар, исёнлар кундан-кун кўпайиб борар, тахтга даъвогарлик кучайиб учинчи бор Худоёрхон тахтдан воз кечишга мажбур бўлди. 1875 йил Худоёрхоннинг тўнғич ўғли Насриддинбек тахтга ўтирди.
***
XII аср яъни саккиз юз йил муқаддам Султонул Орифин Хожа Аҳмад Яссавий 1281 ҳижрий (1864 милодий) йилда русларнинг Ўрта Осиёга бостириб киришларини башорат қилган эдилар. Халқимиз тарихида мислсиз фожеа бўладиган рус босқинини боболаримиз бу даражада аниқлик билан огоҳлантириб кетганлари ҳайратланарли ҳол. Бу аниқлик Европада ном чиқарган Нострадамус башоратларидан анчагина аввал ҳам аниқроқ бўлган.
***
Скобелев билан фон Кауфманнинг суҳбати қизғин давом этарди.
– Бизнинг бу паст табақа халқлардан улуғ эканлигимиз ҳам шунда.
– Ҳа улар ўйнаб-кулиб қувонаверишсин, карнай чалиб, ош еб, тўй қилиб яйрашсин.
– Уларнинг бу одатларини рағбатлантириш лозим, таомларини мақташ керак.
– Менимча бу ўлканинг одамлари ҳали-бери миллат бўла олишмайди, оломонлигича қолаверади.
– Шунинг учун ҳам уларни жазолаб туриш лозим.
– Жазолашнинг энг маъқул усули уларнинг ақлини ўғирлашдан иборат. Ақлсиз кишиларни тобе қилиш жуда қулай. Хурофотга берилиш, кўр-кўрона ибодат қилиш, илмсизлик, эскириб яроқсиз бўлиб қолган урф-одатларга берилиш халқнинг тафаккурини чеклаб қўяди, бизга шулар керак.
– Улар жуда исёнкор.
– Биз уларнинг ҳокимларини бефаросат одамлардан тайинласак исёнларнинг зарари бўлмайди, аксинча фойдали бўлади.
– Яъни?
– Улар ўзларининг беклари-ю ҳокимларига қарши исён кўтаришади, биз эса қўзғолонни ўз фойдамизга ҳал қиламиз, хоҳлаган вақтда қўзғаб, хоҳлаган вақтда бостиришимиз мумкин.
– Менинг таажжубим шундаки, бу халқ бизларга тобе бўлганидан қайғурмайди, изтироб ҳам чекмайди.
– Бу айни муддао, улар жуда ўйинқароқ, тўю-томошаларни севишади, карнай-сурнайларини чалиб юраверишсин. Фаолиятли яшашни билмасинлар, аҳилликка, фидоийликка ўрганмасалар бўлгани.
– Ҳаром билан ҳалолни яхши фарқлайдиган бу қурғур халқ, ўғирлик қилишни билмайди, аёлларга ҳам муносабати бошқача.
Скобелевнинг қиёфаси ўзгариб, алланечук бўлиб кетди. Рангининг таги оқариб, ичи жизиллай бошлади, лекин сир бой бермаслик учун индамади.
– Мана шу сифатларни бузишимиз лозим, уларни ҳаромхўрликка ўргатиш биз учун жуда фойдали. Улар ўйлаб-нетиб ўтирмай бир-бирларига заҳмат етказишларини, иккиланмай ғажишишларини ўргатиш лозим. Бу миллатнинг сифатларини, хоҳиш-истакларини ўргандим, ҳукмронлигимизга унчалик хавф соладиган томонлари кўринмайди, аҳолининг аксарият кўпчилиги олибсотарлик, баққолчиликни хуш кўради. Озгина маблағи бўлса чойхона ёки ошхона қуриб оладида паловхўрлик қилади, тўйиб ухлайди, тўй-ю томошаларга боради, ўйин-кулги билан вақтини ўтказади холос.