Мавлоно Завқий - страница 9

Шрифт
Интервал


Аксинча нодонлик томонига ўтиб, манфаатимиз йўлидаги ютуқларни нобуд қилсак, бу замонга боққанимиз эмас, замонга хиёнат қилганимиз бўлади. Ҳаётга кўр-кўрона мослашиш, нима қулай бўлса ўшани ёқлаш, нодон кишиларнинг сафида бўлиш келажак олдидаги жиноятдир.

Замона зайли билан дейишади одамлар. Менимча ҳар бир замоннинг ўз оқими бор дейишмоқчи бўлса керак, ана шу оқимга қараб, ҳеч қандай мулоҳаза қилмай одимловчи кишилар аксарият кўзлаган мақсадларига тез эришадилар, яхшиямки бу қулайликлардан барча бирдек фойдаланмайди, кимдир бу оқимга таъсир ўтказади, яна кимдир унга қарши ҳаракатланмоқчи бўлади. Бундай жараён тараққиётнинг негизидир. Замонга мослашиш, ҳаётга мослашиш демакдир, мулоҳаза қилиб ўтирмай ҳаётга мослашиш худбинликнинг кенг тарқалган туридир, худбинлик эса ўз манфаати ҳақида қайғуришдан бошқа нарса эмас. Манфаат ҳақида қайғуриш, нафс кўйида умр ўтказиш деганидир, бу хоҳиш бутун ҳайвонот оламига хос хоҳиш бўлиб, бизларни мулоҳазага тоъбелик бу ҳислатдан ажратиб туради. Демак икки хил одамлар мавжуд, қалб амри билан фикрлаб яшовчи ёки бутун умр нафс хоҳишини қондириш билан оввора кишилар. Барча истак, орзу-ҳавасларимиз покиза одам бўлиш бўлса шунинг ўзи гўзаллигимиз.

Менга не ёру не ошиқ ҳавасдир,

Агар мен одам ўлсам ушбу басдир.

А.Навоий

***

Ҳеч қачон икки нусхада такрорланмайдиган инсон дунёга ёлғиз келиб, ёлғиз кетади. Унинг нигоҳидаги олам, қалбидаги туйғулар, қувончу қайғулар, хоҳишу орзулар, севги ва нафратлар, жамики кечинмалари бетакрор ва ягонадир. Барчамиз нималарнидир ўрганиб умр ўтказамиз, лекин ҳеч бир кимса ўзини мунтазам билмайди, тингламайди, ўрганмайди, билганларимиз эса холис эмас, бироз мақтов, ёлғон, худбинлик қўшилган бўлади. Демак ўз худбинлигини енга олган одам жуда кам ёки йўқ. Нега шундай деб изланадиган одам ҳам жуда кам ёки йўқ. Ҳар бир дунёга келган одам борлиқнинг ижоди ёки бетакрор кашфиёти, шубҳасиз у бир қанча нуқсон ва беҳисоб фазилатлар билан яратилади, кимса ўз нуқсонларини мутлоқ енгиб, фазилатларини тўла парваришлай олса эди, у бетакрор гўзаллик ва бетакрор кашфиёт соҳиби бўлган бўлар эди, ҳар биримиз умр бўйи ўта гўзал инсонни излаймиз, тинимсиз излаб, тинимсиз қайғуриб асло топа олмайдиган кимса ўзимиз учун ўзимиздир.

Бизларни кашф қилишда нақадар саҳийлик қилган қодир куч нуқсонларимизни аниқлаб бермаган, биз уларни тинимсиз излаб, беҳисоб заҳматлар чекиш ҳисобига аниқлаймиз. Ўзини аниқлаган инсон мукаммал дейилади, нуқсонларини йўқота олса комилдир. Унинг ўз қиёфаси, нигоҳи, хулқи, товуши, ўрни бўлиб, холис фикрлайди, холис муносабатда бўлади. Хушомаду очкўзлик, шуҳратпарастлик, энг муҳими худбинликдан холи кишига айланади.