Ҳукмрон халқни қўрқувда ушлаши, вақтинча чалғитиши ҳам мумкин. Дарёдан қудратли бу мўъжиза бардошли ва андишали. У барча нарсани фаҳмласа ҳам кечиради, сабр қилади. Унинг меҳрига кириш осон эмас, лекин шу мақсад билан яшаган ҳукмрон бунинг уддасидан чиқади. Бундай ҳукмрон абадий барҳаёт, у кишилар қалбидан асло ўчмайди.
* * *
– Оғир дардга йўлиққанга ўхшайман, – деди Шоҳруҳхон атрофдагиларга аламли тикилиб. – Бу касофатдан тузалиб кетиш жуда мушкул.
– Иншооллоҳ, тузалиб кетасиз, ҳазрати олийлари, барчамиз парвардигордан шуни тилаймиз.
– Чиндан ҳам шундай бўлса мен сизлардан розиман. Юртимиз осойишталиги учун бирдек қайғурсаларинг, мен хотиржам кўз юмаман.
– Худонинг марҳамати кенг, умрлари узоқ бўлса ажаб эмас.
– Чамамда кафтимга чиққан яра «куйдирги»га ўхшайди, агар чиндан шундай бўлса…
– Табибларнинг фикрича сиз тузалиб кетасиз.
– Ҳар қандай бу дунёга келган одам узоқ туролмайди. Келмоқ қўлимизда бўлмаганидек, кетмоқ ҳам беихтиёрдир. Одам боласи бенуқсон яшай олмайди, билиб-билмай албатта, хатоликка йўл қўяди. Мен ҳам баъзи бир хатоликларга йўл қўйган бўлишим мумкин, лекин мақсадим яхшилик, тилакларим халқ дарди эди. Келажакда барча ишларни кенгашиб қилинглар, кенгашмай қилинган ҳар қандай иш иллатлидир.
Ўрта Осиё заминида XVII аср бошларига келиб ички зиддият жуда кучайган эди. Олий зотлар ўртасидаги келишмовчиликлар авж олар, тортишув ва сиёсий курашлар зўрайиб борар, қирғин-барот урушларнинг кети кўринмас эди.
Сари подшоҳони гирданфароз,
Бадаргоҳи у бир замини ниёз,
Мар урост кибри ёву мани,
Ки мулкаш қадимасту зоташ ғани.
Таржимаси:
Подшоҳлар ҳар қанча мағрур бўлсада,
Бошларини эгур унинг олдида.
Мағрурлик ярашур фақат Оллоҳга,
Мулки қадим беқиёсдир зоти
ТАРИХИ ТУРКИСТОН АСАРИДАН БИР ЛАВҲА
Айнан мана шундай тарқоқ қабилалар тўқнашувларидан бири Чодакда бўлиб ўтди. Минг қабиласи билан Чодак хўжалари ўртасида бўлиб ўтган қақшатқич уруш натижасида минглар қабиласи ғолиб чиқди. Шунинг билан Мовароуннаҳр заминида Бухоро хонлигидан ажралиб чиққан мустақил бир мулкка асос солинди. Даставвал бу мулк Фарғона деб аталиб, унга Шоҳруҳбий минг бошчилик қилди.
Ақл-идрокли, инсонпарвар Шомастбий (Аширбек) ўғли Шоҳруҳбийни Хўқанднинг теварак-атрофларидаги қишлоқ оқсоқоллари ва аслзодалар хон этиб кўтардилар. Шундан сўнг у Хўқанд шаҳри атрофида жойлашган тўрт қишлоқни сотиб олди. Тўрттала қишлоқ ҳудудларидан «Кўк тўнлилар» истиқомат қиладиган икки сой оралиғидаги ерларни энг қулай жой деб арк қалъа қурилиб, «Қалъаи Шоҳруҳбий» деб аталди. Бу ер «Хўқанд хонлигининг дорилхалофати»га (пойтахт) айланди. Вақтлар ўтиб бу дорилхалофат атрофидаги ерлар ҳисобига кенгайиб Фарғона водийсидаги йирик шаҳарлардан бирига айланди. Шоҳруҳбий бу салтанатга ўн уч йил ҳукмронлик қилиб 1721 йилда вафот этди. У узоқ умр кўра олмади, атиги 30 йиллик умри давомида тарихий бир жараённинг пойдеворини яратиб кета олди.