Атиги йигирма қадам нарида совуқ кўзларини Шоҳруҳ томонга қадаб баҳайбат йўлбарс депсиниб турарди. Думини гажжак қилиб наъра тортишидан ҳамла қилмоқчилиги сезилиб турарди. Йўлбарс икки сабабга кўра одамга ҳужум қилиши мумкин. Болалаган пайтда инига яқин келиб қолинса, очликдан ўта қийналган ҳолатда ёки бирор сабабга кўра ярадор бўлса одамдан ўч олиши аниқ. Ўз кучига ишонган Шоҳруҳбий ўзини йўқотиб қўймади, у илгарилари ҳам ҳар хил йиртқичларга дуч келган, лекин ҳозиргидек бундай яқин масофадан унга рўпара бўлмаган. У ўйланиб қолди, агар орқасига қочса йиртқич албатта ҳамла қилади, жойида қимирламай туришнинг иложи йўқ, чунки от сесканиб титрамоқда, илкис ҳаракат қилиб ишни бузиб қўйиши мумкин. Йўлбарсни камон билан қулатиб бўлмайди, аксинча яраланиб қаттиқ ҳужумга ўтади. Қўлидаги найзани шайлади, йўлбарс наъра тортиб яна ҳужумга ўтади. Қўлидаги найзани шайлади, йўлбарс наъра тортиб яна яқинлаша бошлади. Қандай чиройли жонзот ўйлади Шоҳруҳ, бир зарба билан қулатиш мумкин, лекин жонивор увол бўлади. Ахир у тўқайзорнинг ярашиғи-ку, ҳайвонлар подшосини ўлдириш инсофдан эмас. Ўйланиб ўлтиришга фурсат қолмади, қўлидаги найзанинг тўмтоқ томони билан сакрашга шайланган йиртқични зарб билан урди, кўз очиб юмгунча иккинчи бор орқа оёғининг юқори қисмига янада кучлироқ зарба берди. Хавф-хатар чекина бошлади, орқа оёғидан қаттиқ зарба олган маҳлуқ оқсаб-оқсаб чекина бошлади. От чоптириб етиб келган Шомансур ажойиб манзарани кўриб жойида анграйиб қолди.
– Бу йўлбарс-ку, – деди у ҳовлиқиб. – Сизга ҳужум қилмадими?
– Қилмоқчи бўлди, лекин эплай олмади.
– Найза санчдингизми?
– Йўқ, кети билан урдим.
– Ҳазиллашяпсизми?
– Йўқ, чиндан айтаяпман.
– Нега бундай қилдингиз?
– Ўлдиргани кўзим қиймади.
– Йиртқичга шу даражада шафқат қилиш хавфли-ку.
– Хавф-хатар олдида ўзингни йўқотмасанг, ҳар қандай офат чекинишга мажбур бўлади.
– Орқага қайтамизми? Мен йўл-йўлакай ов қила олмадим, лекин сизни ахтаравериб чарчадим.
Анча-мунча ўлжа билан қайтишган йигитлар, гулхан атрофига бориб ўтирдилар.
– Отам келмадиларми?
– Ҳали замон келиб қолишса керак, – деди Раҳимқул. – Таом олиб келайми?
– Ҳозирчалик чой келтирсанг етарли.
– Хўп бўлади.
– Нима таом тайёрладинг?
– Кийик гўштидан кабоб қилдим.
– Қирғовул гўштидан шўрва тайёрла, дадам хуш кўрадилар.
Шоҳруҳбийнинг йўлбарс билан олишгани бутун қишлоққа ва аста-секин теварак-атрофга ёйила бошлади. Биров у деса, биров бу дейди. Шоҳруҳбий ёлғиз ўзи каттакон йўлбарс билан олишиб, найза билан ҳалок қилибди деса, яна кимдир йўқ, қуролсиз қўли билан маҳв қилибди дейди. Шоҳ авлодидан бўлган Шоҳруҳбийнинг обрў-эътибори ўн чандон ошиб кетди.