Ўзимизни тадқиқ қилишни давом эттиришдан аввал, келинг, ҳаётий қувват тушунчаси билан танишиб олайлик. Бу тур энергия ҳақида одамлар яқин-яқингача илмий тушунчага эга бўлишмаган. Умуман – бу соҳа ҳали яхши ўрганилмаган. Аммо биз учун ҳозиргача тўпланган билимлар етарли.
Ҳар бир организмда икки хил қувват мавжуд – жисмоний (физик) ва ҳаётий. Жисмоний энергия, англаб турганингиздек, мускуллар қуввати, тана ҳарорати ва биологик фаоллик учун зарур бошқа қувват турлари.
Ҳаётий энергия – бу сизнинг руҳий ҳолатингизни белгилаб берувчи кучдир. Агар сизда ғайрат-шижоат тўлиб турган бўлса, ҳаётий қувватингиз жуда юқори демак. Агар сиз ҳеч бир иштиёқсиз, ҳамма нарсага бефарқ яшаётган бўлсангиз – унда ҳаётий қувватингиз ўта тушиб кетган.
Ҳаётий қувват жўш уриб турган тана ўзини жуда тетик ва енгил ҳис этади. Кучли севинч ҳисси ҳаётий қувват оқимини кучайтириб беради. Мисол учун, сиз узоқ пайт кўрмаган қадрдонингиз шаҳарга келаётганини эшитиб қолдингиз. Уни кутиб олгани бораётганда қувончдан босган қадамингиз вазнини ҳам ҳис этмайсиз.
Ёки катта хушхабар бемор одамни даволаб қўйиши мумкин. Ва аксинча, кучли руҳий зўриқиш ҳаётий қувватингизни шу даражада тушириб юборадики, бу соғлиғингизга ҳам катта таъсир кўрсатади. Нохуш хабардан одамнинг ҳушини йўқотиши бунга исбот.
Барчамиз туғилганимизда маълум миқдорда ҳаётий энергия билан дунёга келамиз. Ҳаёт давомида уни турли нарсаларга сарф қиламиз ва шу заҳира тугаши билан ҳаётдан кўз юмамиз.
Ташвишлар, диққатпазлик, кучли руҳий зўриқиш, турли салбий туйғулар – буларнинг бари ҳаётий қувват кушандаларидир. Нисбатан узоқ умр кўрганлардан сўраб билсангиз, уларнинг ҳаёти бир маромда, кескин бурилишлар ва катта муаммоларсиз ўтган бўлади.
Ҳаётий энергия заҳирасини тўлдириш жуда қийин. Бунинг ҳозирда бизга маълум ягона усули – бу завқланиш. Табиат гўзаллиги, дилтортар мусиқа, ёки севимли машғулот кишига завқ бериш билан унинг ҳаётий қувват даражасини кўтаради. Табиатга ва санъатга шунчалик қаттиқ боғланганлигимиз сабаби ана шунда.