Ўзлик сари етти қадам - страница 9

Шрифт
Интервал


Бунга яна янги туғилган чақалоқни мисол қилиш мумкин. Унинг ҳали онги шаклланмаган. У истаган нарсасини қилади – яъни кўнгли истаган нарсани. Оч қолса – йиғлайди, тўйса – ухлайди. У ўз қалби истагидан бошқа нарсаларнинг ортидан қувмайди. Шунинг учун унга ҳамма нарса берилади – меҳр, эътибор, яшаш учун шароит. Болалигим – подшолигим дегани бежиз эмас, ахир. Болаликдаги бизнинг тенгсиз ҳокимиятимиз сири – ҳеч бир манфаатсиз, фақат кўнгил амрига бўйсуниб қадам ташлашимиздадир.

Аммо катталар ўзларига эътиборни талаб қилиб ўрганишган – бунга уларни ақллари ундайди. Тўғри-да, уларнинг бу дунёда ўз ўрнилари бор, шунга яраша атрофдагилар уларга ҳурмат кўрсатишсин. Лекин айнан шу эътиборталаблик ортидан биз кўпинча эътибордан четда қоламиз.

Ўйлаб кўрса, одамдаги ҳар қандай салбий жиҳат – бу ақлнинг меваси. Нафрат, жирканиш, ғурур, кибр, ҳасад, рашк, гина каби туйғулар; худбинлик, хасислик, тортинчоқлик, шошқалоқлик, ўзбилармонлик каби феъл-атвор жиҳатлари ақл фаолияти натижаси. Ҳайвонларга бу нарсалар бегона – шер кийикни емоқчи бўлиб қувганда унга нисбатан на ғазаб ва на нафрат ҳис этади. Аммо биз бу ҳолатни кўрсак, шерга нисбатан ғазаб, кийикка нисбатан ачиниш туйғусини ҳис этамиз. Нима ҳам қилардик – онгимиз шунақа тузилган. У ҳар доим ҳамма нарсага ўз баҳосини беришга кўникиб қолган.

Ҳеч қачон ҳаётда хато қилишдан қўрқманг – хато қилмаслик учун ҳеч нарса қилмаслик керак. Ҳеч бир одам хато ишлардан суғурта қилинмаган – беайб Парвардигор. Бироқ хатонинг олдини олишнинг биргина муҳим тамойили бор: ҳар қандай қарор қабул қилинишида қалбингиз иштирок этсин. Агар бирор ишга аҳд қилсангиз-у, кўнглингиз бу қарорингиздан нотинч бўлса – бу ишдан воз кечганингиз маъқул.

Ҳаммаси шунчалар осон – ҳам қийин. Қийинлиги шундаки, одамлар ўз қалбига қулоқ солиш қобилиятини йўқотиб бормоқдалар ва юқоридаги тавсиялар амалий фойда бермаслиги мумкин.

Биласизми, ақл ва қалб – кўпинча ҳар хил нарсани истаганлари билан – бир мақсадни, яъни сизнинг фаровонлигингизни кўзлайдилар. Фақат ақл бунда устунликка интилаверади. Аслида эса қарор қабул қилишга қалб ихтисослашган – ақл эса бу қарорни амалга ошириш йўлларини излаш билан шуғуллангани маъқул. Агар вазифалар шундай тақсимланишига эриша олинса, ҳаётда инсон афсусланадиган нарсалар деярли қолмайди.