Биз тўплаган билимларни онгимиз хотирамизга дастурлар сифатида киритиб боради. Ҳар қандай янги маълумот билим сифатида хотирага киритилишидан аввал бир неча марта такрорланиши лозим. Қайта-қайта амалда қўлланилиб, хотирага дастур сифатида киритилган билимларгина – ҳақиқий билимдир.
Мендан кўпчилик тил ўрганувчилар бир муаммони ҳал қилишда маслаҳат сўрайдилар – улар чет тилидаги янги ёд олган сўзларини эслаб қола олмаётганларидан шикоят қиладилар. Бунинг сабаби жуда оддий – улар ўша янги сўзларни, шунчаки, маълумот сифатида ёдлайдилар, амалда эса уларни кам қўллайдилар. Бунда маълумот билим сифатида доимий хотирага киритилмайди – у маълум муддатгача қисқа хотирада тутиб турилади ва сўнг унутилади.
Қисқа хотира – янги олинган маълумот билим сифатида доимий хотирага ёзилгунча уни такрорлаш учун маълум муддат тутиб турадиган онг қисми. Баъзида биз уни муддатли маълумотларни сақлаш учун ҳам ишлатамиз. Масалан, ишдан уйга қайтаётганда йўлда дўконга кириб, нон ҳарид қилишни ўйлаб қўйдингиз. Бу маълумот қисқа хотирага ёзилади ва сиз режалаштирилган ишни бажаргунингизгача сақланади. Дўкондан нон сотиб олгандан кейин эса, уни тутиб туришга ҳожат қилмайди ва у ўчирилади.
Қисқа хотира сиғими ҳар хил одамда ҳар хил бўлади. Унинг ҳажми одамнинг сергаклик даражасига боғлиқ – одам қанча сергак бўлса, унинг қисқа хотираси шунча катта маълумотни тутиб тура оладиган бўлади. Аста-секин сергакликни ошириб бориб, қисқа хотира сиғимини ҳам кенгайтириш мумкин.
Қисқа хотирани компютернинг оператив хотирасига қиёсласа бўлади – унинг ҳам сиғими чекланган бўлгани сабабли, у тўла турганда янги маълумот кириб келса, у энг биринчи ёзилган маълумотларни ўчириб ташлаб янги маълумот учун жой ажратади. Айтайлик, дўкондан нон олишни ният қилгандан кейин ҳам сиз кўп нарсалар ҳақида ўйладингиз. Бунда қисқа хотирангизга янги кирган маълумотлар эскисини суриб чиқаради ва сиз нон олишни унутиб қўясиз.
Қисқа хотирада тутиб турилиб, амалда қайта-қайта қўлланилган маълумот билим сифатида доимий хотирага жойланади. Ана шу билим – ҳақиқий. У ҳеч қачон сизни тарк этмайди. Узоқ пайт ишлатилмаса, хотиранинг улар жойлашган қисмига борадиган йўлни йўқотишингиз мумкин – лекин озгина машқ билан буни дарҳол тузатиб оласиз.
Доимий хотирадан жой олган дастурлар – бу фақат мактаб ёки олий ўқув юртида олинадиган билимлар эмас. У ерга бизнинг одатларимиз, хулосаларимиз, тажрибамиз, комплексларимиз ва ҳатто қўрқувларимиз ҳам дастур сифатида киритилган бўлади.