Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - страница 14

Шрифт
Интервал


Ақл сиз учун яратган сохта шахсиятни сизга рол қилиб бириктириб қўяди. Бу ролдаги қаҳрамон бахтли ёки бахтсиз, кучли ёки ожиз, муҳим ёки қадрсиз бўлиши мумкин. Бу рол сизга ёқмаслиги, унинг яшаш муҳити, шароити, усуллари, тамоиллари сизга мос келмаслиги мумкин. Лекин сиз бу ролдан воз кеча олмайсиз – чунки ўзингиз сиз учун рол танлаш ҳуқуқини ақлга берадиган шартномага имзо чеккансиз.

Бу бузғунчи шартномани бекор қилиш учун сизга озгина сергаклик ва анчагина шахсий куч керак. Сергакликнинг бадали – муҳимликдан қутулиш бўлса, шахсий кучнинг асоси бўлган ҳаётий қувватни ошириш – яшаш тарзи ва ҳаёт билан олди-бердиларни маромга келтириш ҳисобидан бўлади.

Суҳбатимиз мазмуни нотўғри ўзанга кетиб қолмасидан, сизни бир нарса ҳақида огоҳлантириб қўяй. Ақл келтириши мумкин бўлган зарарларни сизга етказиш илинжида уни таърифлашда ишлатган ибораларимга алданиб, ақл мутлақо шум нарса экан деган ҳаёлга бориб қолманг. Ақл – жуда ҳам фойдали ва керакли қурол. Баён бошида у бизга табиатдан бошқа заифликларнинг ўрнини тўлдириш учун атайин берилганини айтганимни эсланг.

Лекин, ҳар нима бўлганда ҳам, ақл қуроллигича қолиши лозим. У – бошқарувчи эмас, бошқарув қуроли, воситаси. Агар у керакли жойда ва керакли йўсинда ишлатилса, жуда катта ва бунёдкор ишларни қилиши мумкин. Аммо уни бошқарувга яқин келтирилса – у каттагина ишкалларни ҳам келтириб чиқаради. У ўзи табиатдан бошқарувга мойил. Шу боис, унга у аслида бир қурол эканини эслатиб, уни сергакликка қайтариб туриш керак.

Мен эса сизга бу асов отни ўз измингизга солиш учун зарур амалларни баҳоли қудрат баён этаман. Фақат, шуни унутмангки – мен айтаётган усуллар атиги юзлаб усуллар орасидан танлаб олинган намуналар, холос. Умумий тамоилни билиб олсангиз – усул танлаш ҳеч гап эмас. Сиз ҳатто ўзингиз янги усул ишлаб чиқиб, уни самара билан қўллашингиз мумкин.

Адолат юзасидан айтишим мумкин – сизга баён қилаётган барча сирларимни кашф қилишда менинг ақлим бевосита иштирок этган. Мен ундан жуда ҳам мамнунман. Мамнунман – лекин уни қаттиқ назорат остида тутиб тураман. Тан оламан – ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқмайман (менга асов отларнинг ҳам энг асови берилган), лекин у издан чиққанда ҳам сергаклик уни яна жойига қайтаришга ёрдам беради. Шу катта хизмати учун ҳам сергакликни доим ҳаммага тавсия қиламан.