Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - страница 4

Шрифт
Интервал


Онг ўз фаолиятини олиб бориши учун, унга атроф муҳитдаги жараёнлар ҳақида маълумотлар зарур бўлади. Тирик организмларда бу маълумот таъминоти турли хил сезги органлари орқали амалга оширилади. Фақат, у турли жонзотларда турлича бўлади – унисига кучли ҳид билиш қобиляти берилган бўлса, бошқасига ўткир кўз берилган бўлади. Ўсимликларда ҳарорат, ёруғлик, ҳаво намлиги ва бошқа нозик белгилар ўзгаришини аниқ сезиш қобиляти бор. Онг айнан шундай сезгилар орқали олинган маълумотни қайта ишлайди ва шунга қараб иш тутади.

Биз одамлар ҳам бундан мустасно эмасмиз – бизнинг онгимиз ҳам ҳудди шу тамойилда ишлайди. Аммо бошқа жонзотлардан бизнинг бир фарқимиз бор – бизнинг онгимиз озгина мураккаброқ тузилишга эга. Бизнинг сезгиларимиздан келаётган маълумотлар онгимизга боришида бир воситачи иштирок этади – бу, албатта, ақл. У маълумотлар оқимини тинимсиз кузатиб, тафтиш қилиб, саралаб, баҳолаб, бошқариб туради.

Одамзотга табиат мувазанатни тиклаш учун ақл ато этган. Ўз мавжудлигининг бошида одамзотнинг ҳеч бир сезгиси бошқа мавжудодларникичалик кучли бўлмаган. Бу ибтидоий одамнинг тирик қолиши учун етарли эмас эди – керакли ҳолатда зарур қарор қабул қилиш учун инсон онгига етарлича маълумот етказилмаган. Шу тақчилликни тўлдириш учун, бизга сезгиларимзидан келаётган оз маълумотни таҳлил қилиб, ундан қарор қабул қилиш учун етарли хулосани чиқариб берадиган «мослама» берилган.

Кийикнинг эшитиш қобиляти анча кучли – у атрофида бирор кескин товуш эшитса, орқа-кетига қарамай қочади. Бунда унинг эшитиш сезгисидан келган маълумот тўғридан-тўғри унинг онгига боради ва у эҳтимолдаги ҳавфдан узоқлашишга қарор қилади. Ваҳоланки, бу товушни кийик учун беозор бирор жонзот келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Ёки, айтайлик, қуриган дарахт шоҳи синиб тушган бўлиши ҳам мумкин.

Одамнинг эшитиш қобиляти кийикникичалик эмас. Бироқ атрофида бирор товуш эшитса, у дарҳол қочишга тушмайди – унинг қулоқлари илғаган товушни аввал унинг ақли таҳлил қилиб беради. Кейин шу таҳлил натижалари онгга қарор қабул қилиш учун етказилади. Бу жараён жуда тез кечади – шунинг учун ақл эшитилган товушни ҳавф белгиси деб баҳоласа, онг керакли чораларни кўриш учун танага буйруқ беришга улгуради.

Инсон ақли ривожланиб боргани сари, у ўзига хос муаммоларни ҳам келтириб чиқарган. энг биринчи, ақл турли сезги органларига турлича аҳамят бера бошлаган (шу ерда ҳам муҳимлик!) – у ўзи учун қулай бўлган сезгиларни юқори қўйган ва онг эътиборини шу сезгилардан келган маълумотларга қаратган. Масалан, одам атрофдан маълумот олишда кўпроқ кўзларига таяна бошлаган. Бунга сабаб кўриш орқали олинган тасвирий маълумот қайта ишлаш учун осон эканидир. Одамзот бошқа сутемизувчилар каби тўрт оёқда эмас, икки оёқда қаддини тик тутиб юра бошлаган. Бу атрофни узоқроқ масофада кузата олиш имконини берган. Кўпроқ маъсулият кўриш қобилятига топширилгандан кейин, бошқа сезгилар кам ишлатила бошлаган ва вақт ўтиши билан улар яна ҳам сусайган. Масалан, бошнинг ердан узоқлашиши сабаб, ҳид билиш қобиляти деярли керак бўлмай қолган.