Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - страница 9

Шрифт
Интервал


Масалан, бир жамоада икки спортчи бор: бири иккинчисидан анча тажрибали ва жисмонан чиниққан. Аммо тажрибаси кам спортчи муҳимликдан ҳоли ва у катта шахсий кучга эга. Дейлик, шу иккисидан бири жамоа сардори этиб тайинланиши кутилмоқда. Катта жисмоний кучига қарамай, шахсий кучи кам бўлган спортчи шу мавқега эришиш учун бузғунчи ишлар қилади: рақиби обрўсини тушириш учун ёлғон гапиради, керак бўлса ўз мақсади учун жисмоний кучини зўравонлик йўлида ишлатади.

Бир қарашда бу спортчининг ҳаракати мантиқсиз туюлади – у шундоқ ҳам кучлироқ ва тажрибалироқ, сардорлик унга насиб этиши эҳтимоли катта. Нега у шунда ҳам курашни қўймаяпти? Жавоб жуда оддий: унда ўз имкониятларига бўлган ишонч кам. Унда сардорлик уники эканини айтиб турган хотиржамлик йўқ. Унинг ўзига ишончини ва хотиржамликни таъминлайдиган шахсий кучи йўқ. Бор-йўғи шу.

Одам катта мавқе ва давлатга эришиб ҳам, шахсий ожизлигини йўқотмаслиги – натижада бузғунчи ишлар қилишда давом этиши мумкин. Шунинг учун қўлида катта бойлиги ва қудрати бўлган одамлар ҳар доим ҳам бунёдкор иш қилавермайдилар.

Келинг, шу ерда икки хил куч ҳақида эслаб олайлик. Одамзотга (ҳудди бошқа ҳар қнадай жонзот цингари) икки хил куч берилган: моддий ва маънавий. Моддий куч – атроф дунёга тўғридан-тўғри моддий таъсир қиладиган кучдир. Бизнинг жисмоний кучимиз – моддий куч. Бойлигимиз ва ижтимоий таъсиримиз – моддий куч. Мантиқий фикрлаш қобилятимиз – моддий куч.

Маънавий куч эса – биздаги ҳаётий қувват даражаси билан белгиланади. Оғир қалтис вазиятларда ўзини йўқотмаслик – маънавий куч. Қўрқувлардан ҳоли яшаш – маънавий куч. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хотиржамликни ва сергакликни сақлай билиш – маънавий куч. Одамларга маънавий завқ ва озуқа берадиган ижод намуналарини яратувчи илҳом – маънавий куч.

Бу икки куч бир одамда жам бўлган ҳолати жуда кам учрайди. Ҳам моддий, ҳам шахсий кучи катта одамлар тарихда ҳам кам бўлган. Бунга антик давр буюк саркардаси Ганнибал мисол бўла олади. У Африка шимолидаги Карфаген шаҳрида Рим империяси тазийқи остида яшаган. У бу тазийққа барҳам бериш учун аскарларини Гибралтар орқали олиб ўтиб, Римга шимолдан – Алп тоғлари оша ҳужум қилган. Бу саркарда ҳам жисмонан, ҳам шахсан кучли одам бўлган. У римликлар она шаҳрини эгаллаганда ҳам ўзлигини йўқотмаган ва сергак туриб иш қилган.