Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат - страница 13

Шрифт
Интервал


Баъзи оилалар бундай зиддиятни янги қоида таъсис қилиш билан ҳал қиладилар. Янги келишув тузилади: ота-она фарзандига билим олиш учун кўпроқ бўш вақт ажратиб, оилани таъминлашни ўз бўйнига олади, фарзанд эса улғайиб, маълумотли бўлгач эса ота-онаси елкасидан бу юкни олади ва уларга беғам кексалик тақдим этади. Шу усулда оиладаги сиёсат тартибга солинади ва ижтимоий адолат тикланади.

Давлат ҳам кўпинча шундай иш тутади: ёшларга илм олиш ва фойдали мутахассис бўлгунча вақт ва шароит беради. Бепул ўрта таълимни таъминлайди, талабаларга стипендия билан кўмаклашади. Кейинчалик, мутахассис бўлиб, ишга киргач, фуқаро бу ёрдам эвазига давлат ва жамиятга фойда келтириш билан ўз қарзини узади.

Бу оиладаги ва жамиятдаги сиёсат қанчалик ўхшаш ҳолат эканига бир мисол. Аслида ҳаётимизнинг ҳар бир даражасида биз сиёсат билан яшаймиз. Кундалик юриш-туришимиз, одамлар билан муомаламиз, орзу-интилишларимиз ҳаммаси ижтимоий тартибга амал қилади. Бунга қисман маданият, анъаналар, ижтимоий андазалар ва, албатта, давлатнинг сиёсати (у қабул қилган қонунлар) ўз таъсирини ўтказади.

Бизнинг туғилишимиз сиёсат: чақалоқ туғилганда маълум маросимлар қилинишини ижтимоий тартиб тақозо этади. Улғайишимиз сиёсат: ота-она ва жамият онгимизга ижтимоий тартибга хизмат қилувчи дастурларни ёзиб боради. Таълим олишимиз – катта сиёсат: айнан таълим бизга ижтимоий тартиб ҳақида энг кенг билимларни беради. Сиз мактабда фақат ёзиш ва ўқишни ўрганмайсиз – сиз мактабда жамият аъзоси бўлиш, ижтимоий тартибга амал қилишни ўрганасиз. Бизнинг турмуш қуришимиз, фарзандли бўлишимиз, ишга киришимиз – ҳаммаси сиёсат. Бунда ижтимоий тартибга амал қилмасдан иложимиз йўқ. Бизнинг бу дунёни тарк этишимиз – сиёсат: ижтимоий тартиб белгилаган усулда ерга кўмильишимиз керак.

Баъзи одамлар ўзини сиёсатдан йироқ деб билади. Албатта, улар бунда давлатнинг олиб бораётган сиёсатини назарда тутади. Лекин сиёсатдан йироқ бўлиб бўлмайди. Сиёсат сизнинг ҳар бир нафасингизда бор – токи сизда ақл бор экан, демак сиз сиёсатга бевосита дахлдорсиз.

Хўш, бизга бу қадар кўп сиёсат нега керак? Нега биз бунчалик сиёсийлашган махлуқлармиз?

Чунки биз энг тартибсиз жонзотмиз. Бизнинг ақлимиз аҳамиятсиз нарсаларга ортиқча аҳамият бериб, табиий мувозанатни бузишга ўч. Табиий мувозанат бузилганда эса – тартибсизлик келиб чиқади. Биз ўзимиз ҳаётимизда тартибсизлик келтириб чиқарамиз ва ана шу тартибсизликни назорат қилиш учун сиёсат ўйлаб топамиз.