Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат - страница 2

Шрифт
Интервал


Бош ошпаз қозон бир маромда қайнаши, таомнинг тузи кам ёки кўп бўлиб кетмаслиги, масаллиқлар керакли миқдорда ишлатилиши, овқат ланж ёки чала пишиб қолмаслигини назорат қилади. Қозондаги масаллиқлар бир-бирининг таъмини бузмаслиги, бир-бирини бойитиши ва уйғунликда пишиши ҳам ошпазнинг маҳоратига боғлиқ.

Аммо таом мазаси фақат ошпаз санъатига боғлиқ эмас. Бунда ҳал қилувчи омиллардан бири – масаллиқларнинг сифати ҳамдир. Ошпаз ҳар қанча моҳир бўлмасин, қозонга тушадиган масаллиқлар талабга жавоб бермайдиган бўлса, таом таомга ўхшамайди.

Жамият қозонида қайнаётган масаллиқлар сифати – бу жамиятни ташкил қилган шахсларнинг кучлилик даражасидир. Агар жамиятнинг асосий қисмини муҳимликка берилган, ўз шубҳа ва қўрқувларидан нарига ўта олмайдиган, ўз ҳаёти учун жавобгарликни ўз қўлига ола билмайдиган ожиз шахслар ташкил қилса – бу қозон шўр таомлар пиширишга маҳкум.

Сиз билан суҳбатларимиз масаллиқлар сифатини оширишга қаратилган – биз кучли шахслар бўлишга интиляпмиз. Токи ўзимизга ҳам, жамиятга ҳам биздан фақат наф келсин. Шахсий ожизлик сабаб жамият қозонидаги таом сифатини бузиб қўймасликка аҳд қилганмиз.

Бизнинг жамиятда, нимагадир, жуда кўпчилик ҳамма масалаларни давлат ҳал қилиши керак деб ўйлайди. Яъни, ошпаз ҳам масаллиқлар сифатини назорат қилиши, ҳам ўт маромда ёнишини кузатиши, ҳам қозоннинг тозалигини таъминлаши керак.

Лекин ошпаз буларнинг ҳаммасини қилишга киришса, ҳамма иш чала қилинади. Чунки битта одам ҳамма ишни сифатли бажаришга улгурмайди. Демак, масъулиятлар тақсимланиши – ҳар ким жамият фаровонлиги учун меҳнатдан ўз улушини ўзига олиши керак.

Бугунги жамиятимизда шахс ва давлат ўртасида сезиларли бўлиниш бор. Одамлар давлатни алоҳида бир механизм, уларнинг иштироки ва иродасидан ташқарида иш кўрувчи тузилма деб билади. Биз бугун давлатдан бегонамиз – ундан қўрқамиз, ундан нари юришга, унинг ишларига аралашмасликка ҳаракат қиламиз.

Кўп ҳолларда шахс давлатни ўзига рақиб деб билади. Чунки жамият манфаатлари билан шахсий манфаатларимиз кўпинча бир-бирига зид келади. Бу жуда самарасиз ва зарарли ҳолат – чунки бунда жамият ўз-ўзига соғлом ривожланишга тўсқинлик қилади.

Мен сизга ҳар бир китоб сўнгида ушбу билимларни кўпчиликка етказишни таклиф қиламан – атрофимизда кучли шахслар қанча кўп бўлса, шунча яхши эканини эслатаман. Мана бугун бунинг ортида қандай мақсад турганини билиб олдингиз. Англаб турганингиздек, алоҳида одамлардаги шахсий ўсиш охир оқибат ижтимоий ўсишга олиб келади. Жамиятимиз кучайиб, соғломлашиб боради.