Умуман олганда, Дастурда 2017 йилда 15 мингта янги уй ва квартира, шу жумладан 4608 та биринчи турдаги, 3739 та иккинчи турдаги, 3672 та учинчи турдаги уйларни ҳамда 0,06 гектар майдонга 3, 4 ва 5 хонали 2981 та бир қаватли уй қуриш назарда тутилади.
Шу билан бирга янги қурилаётган уй-жой массивларида фақат давлат ресурслари ҳисобига 415,3 километр сув таъминоти тармоқлари, 291,5 километр электр таъминоти тармоқлари, 316,9 километр газ таъминоти тармоқлари ва 260,3 километр автомобиль йўллари, шу жумладан, массивлар ичида кириш йўллари ва йўллар, шунингдек, 134 та ижтимоий инфратузилма объектини барпо этиш мўлжалланмоқда.
Қурилиш-монтаж ишлари сифатига қўйиладиган талабларнинг оширилиши Дастурнинг яна бир муҳим хусусияти ҳисобланади. Бунда асосий қурилиш материаллари ва буюмларга қурилиш-пудрат ташкилотларининг харажатларини оптималлаштириш ҳисобига барпо этиладиган намунавий уй-жойлар қиймати пасайиши таъминланади.
Бундан ташқари, уйларнинг арзонлигига Дастур иштирокчилари учун солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа имтиёзлар берилиши туфайли ҳам эришилади. Масалан, пудрат ташкилотлари арзон уйлар қуриш доирасида бажариладиган ишлар ҳажми учун солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилади.
Ушбу Дастурнинг самарали амалга оширилиши давлат тузилмаларининг алоҳида назорати остида бўлади, унда назарда тутилган кўрсаткичлар бажарилишининг тизимли мониторинги олиб борилади.
Янгиланган лойиҳалар бўйича барпо этиладиган уйлар ўзининг нарх параметрлари, сифат тавсифлари ва шинамлилиги бўйича Марказий Осиёда ўхшаши йўқлигини эътироф этиш зарур.
Қарорнинг амалга оширилиши қишлоқни ободонлаштиришнинг ва қишлоқ аҳолиси ҳаёт даражасини тубдан оширишнинг асосий омилларидан бири сифатида қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қуриш кўламларини янада кенгайтириш бўйича узвийлик ва изчиллик йўлини таъминлашга кўмаклашади.
ЎзА.