Онамни чақиртириб, шартта: «Ўғлингиз институтдан ҳайдалди», – деб эълон қилишди. Ўша ернинг ўзида ҳушларидан кетиб қолмасинлар ишқилиб, деб қўрқиб турдим.
Ойим билан Космонавтлар хиёбонидан жимгина юриб кетяпмиз. Кайфият расво. Секин гап бош-
ладилар:
– Майли, Комилжон. Билдим, сендан катта одам чиқмас экан. Ўзи рабочийнинг боласи рабочий бўлар экан-да. Ҳечқиси йўқ, ҳозир адангнинг ишхоналарига борамиз, сени ўзларига ёрдамчи қилиб оладилар. Ҳунарли бўлиш ҳам яхши нарса. Мошина тузатиб нон топасан.
Ундан кўра тарсаки туширганлари минг марта яхши эди. Онамнинг бор умидлари мендан, менга ишонардилар. Мен бўлсам шуни билиб туриб, панд бердим.
2002 й.
Мана энди чаламулла талабани вазирликка ишга олишяпти. Хатира опадан кўпам хафа бўлмадим. Бу воқеадан катта сабоқ олдим, қайсидир маънода ўсишимга ҳам шу сабаб бўлди. Энг асосийси, ёлғон эртами-кечми фош бўлишини вақтида тушуниб етдим. Ёлғонни ичингда сақлаб, қачондир ошкор бўлишидан қўрқиб яшагандан кўра, қилмишингга яраша ўша заҳоти жазо олган яхшироқ экан. Бошида ФВВ формасида, гувоҳномамни кўтариб Хатира опанинг олдига бормоқчи бўлиб юрдим. «Мана, ким бўлганимни бир кўриб қўйинг…», —дегим келарди. Вақт ўтиб, менинг келажагимга айнан Хатира опа туртки берганини тан олдим. Устознинг олдига анчадан кейин бордим. Нималарга эришганимни гапириб бердим. Лекин суҳбатимиз умуман бошқа оҳангда бўлди.
ФВВ матбуот хизматида. «Қамчиқ» махсус қидирув-қутқарув бошқармаси фаолияти ҳақида репортаж тасвирга олиняпти.
У вақтда эса мендан бахтли одам йўқ эди. Ҳамма орзуларим ушала бошлаган, олдинда мени омадли парвоз кутаётгандек эди.
Бу шиддатли парвоз тўққиз йил давом этди. Шун-ча йил ҳар битта икир-чикирга эътибор берадиган, талабчан перфекционистнинг қўл остида жонимни бериб, байрам, дам олиш нималигини билмай ишладим. Ё ҳаммасини қойил қилиб қўясан, ёки умуман керагинг йўқ. Ўшанда бир нарсани сезганман – ўзимга душман орттиришга уста эканман. Бу «фазилатим»дан умр бўйи қутулолмадим.
Бир йил ичида ФВВнинг ахборот тизимини яхшигина ўзлаштириб олдим. Мендан доим янги ғоялар қайнаб чиқар ва улар Парпиевга маъқул келарди. Муҳими, мен бу ғояларни рўёбга чиқара олардим. Лекин кимдир ишимга аралашса чидолмасдим, вазир ўринбосарлари билан тенгма-тенг гаплашар эдим. Бир йилда ишини қойил қилиб бажарадиган мутахассис деб ҳисоблай бошладим ўзимни. Қизиғи, менинг ҳеч ким билан ишим бўлмаса ҳам, атрофдагилар нимагадир нуқул менинг ишимга аралашар эди. Бу худди ош пишириш учун ошпаз чақириб қўйиб, кейин унинг тепасида туриб, «гуручини кам сопсан, ёғни кўп қуйворибсан» дегандек гап. Индамай, ўзига қўйиб бер, олдин ошни дамласин, ўхшата олмаса, ана ундан кейин танқид қил! Йўқ, мен бир иш қилсам, ҳамма бурнини суқиши шарт! Бунга чидолмасдим, шунинг учун Комил Алламжоновни бетгачопар, ўжар деб билишарди. Бир аҳмоқ ёки тантиқ бўлсам ҳам майли экан, аммо мен ишимни қойиллатиб бажарардим! ҳамма менинг «сурбетлигим» сабабини қидира бошлади.