Маънавий олам мусаввири - страница 2

Шрифт
Интервал


«Фауст» – мутолааси қалбимни тўлқинлантирган энг севимли асарларимдан биридир. Қачонки, такрор-такрор мутолаа қилар эканман, ушбу ҳайратомуз асар бот-бот ҳаёт муаммолари, одам ва олам тўғрисида, хилқат ва абадият ҳақида чуқур мушоҳада қаърига чорлайверади; унинг ақл бовар қилмас теранликларида инсон хаёлини мудом банд қилиб келган азалий ва абадий саволларга жавоб излайман; борлиқнинг тилсимот каби сиру асрорларидан воқиф бўлмоқ истайман. Зеро, дунё китобхонлари тафаккурини ҳамон ларзага келтираётган «Фауст» фожиасида яхшилик ва ёвузлик каби икки мангу қарама-қарши куч курашади.

Инсон ҳаётининг маъноси, умрнинг вазифаси нимадан иборат? Табиат ва коинотнинг қудратли кучларини инсон иродасига бўйсундириш, унинг қонунларини синчков ўрганиш ва тилсимли олам сир-асрорларини инсоният фойдасига хизмат қилдириш доимий орзуси бўлган учқур тафаккур соҳиби шу муаммо устида узоқ бош қотирди. Бинобарин, Гёте буюк қаҳрамон Фауст тимсолида файласуф Гётенинг қалбидаги эзгу ва порлоқ орзу-умидлар рўёбга чиқди.

Бу кўҳна дунё, бу сирли очун моҳиятини чуқур англаб етмоқ мақсадида теран заковат соҳиби Й.В.Гёте немис халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган ақлли инсон Доктор Фауст ва шайтон Мефистофель ҳақидаги ривоятлардаги афсонавий образларга ижодий ёндошган ҳолда бадиий фантазия ва чуқур билимига таяниб, улуғвор «Фауст» асарини дунёга келтирди. Даҳо адиб шоҳ асарини яратиш учун салкам олтмиш йил заҳмат-машаққат чекди! Кўзланган ғоя ва мақсадини рўёбга чиқариш учун Гёте шоҳ асарида қадимги Ҳинд, Миср, Рим ва Юнон мифологияларига ижодий ёндошди. Даҳо ижодкорнинг зукко нигоҳидан ҳатто Шимол халқлари тасаввурлари, афсоналардаги марҳумлар руҳи билан гаплаша оладиган саҳҳор (сеҳргар) Георг Сабелликус, Товит («Таврот») ҳақидаги яҳудий афсонаси-ю, Одам Ато ва Лилит ҳақидаги коббалистик афсона ҳам четда қолмади.

Коббалистик афсонада ёзилишича, Лилит Одам Атонинг Момо Ҳаводан олдинги хотини бўлган экан. Эмишки, Лилит Одам Атодан дунёга келган фарзандларини битта қўймай ўлдирган ва шу сабабдан ҳайдалган экан…

Бироз чекиниш қилиб айтиш жоизки, Доктор Фауст ва Мефистофель ҳақидаги ривоят ва афсоналарнинг туб замини немис халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ. Шу баробар, Европа халқлари орасида ҳам донишманд ва адолатпарвар, ҳар ишда омилкор Доктор Фауст ҳақидаги машҳур ривоятлар сақланган. XVI асрда яшаб ўтган машҳур инглиз драматурги Кристофер Марло 1588—1589 йилларда яратган «Доктор Фаустнинг фожиавий ҳаёти ва вафоти тарихи» номли фожиасига немисча Фауст ҳақидаги халқ китоби асос бўлган. Шунингдек, Фауст ҳақидаги афсонадан ижодий фойдаланган немис маърифатпарвар ёзувчиси, драматург Фридрих Клингер 1791 йилда ўзининг «Фауст ҳаёти, аъмоли ва жаҳаннамга қулаши» номли романини яратди. Мазкур роман Маҳкам Маҳмудов ва Абдунаби Абдулқодировлар томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб, «Жаҳон адабиёти» журнали 2014 йил сонлари саҳифаларида эълон қилинган. Кристофер Марло трагедияси ва Фридрих Клингер романидан фарқли равишда, Гёте ижод этган «Фауст» фожиасида Фауст образи умуминсоний мақомга кўтарилади.