Медиаконвергенция шароитида газеталар таҳририятининг иқтисодий-молиявий аҳволи: муаммо ва ечимлар - страница 7

Шрифт
Интервал


. Тадқиқотларимизда кузатув, ҳужжатларни ўрганиш, солиштириш, тизимли таҳлил, контент анализ, социолингвистик таҳлил, моделлаштириш усулларидан фойдаланилган.

Тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти шу билан белгиланадики, тадқиқот иши натижасида олинган хулосалардан Ўзбекистонда медиаконвергенция шароитида босма оммавий ахборот воситалари таҳририятининг моддий ҳолатини яхшилаш, нашрлардаги материалларнинг мазмунини бойитиш ва дизайнини янгилаш орқали аудитория қамровини ошириш, ишчи-ходимларнинг маошини ошириш ва моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин. Шу билан бирга, ушбу мавзуни ўрганиш жаҳон босма оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий бошқаруви соҳасида кечаётган ўзгаришлар, тенденциялар, тамойилларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.

I БОБ. КОНВЕРГЕНЦИЯЛАШУВ ШАРОИТИДА ТАҲРИРИЯТЛАРНИНГ ИҚТИСОДИЙ-МОЛИЯВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ХУСУСИЯТЛАРИ

1.1. Тижорийлашув замонавий медиамаконнинг етакчи тенденцияси сифатида

Медиаконвергенция анъанавий ва янги медиа шаклларининг интеграциялашув жараёни бўлиб, унда медиадаги контент бошқа платформада такрорланади ёки муқобил медиамайдонлар яратилади10. Конвергенция сўзи лотинча «convergere» дан олинган бўлиб, яқинлашмоқ, кесишмоқ маъносини беради. Бунда турли жараёнларнинг ўзаро мослашуви, муросага келиши кузатилади. Медиа соҳасида кечаётган глобаллашув, рақобат, тижорийлашув, ОАВнинг сиёсийлашуви каби жараёнлар босма нашрлардан ахборот бозорида яшаб қолишнинг янги шаклларини қидиришни тақозо этмоқда.11 Ахборот бозорига мослашишга эса медиаконвергенция ёрдам беради.12

Медиаконвергенция феноменини турли нуқтаи назарлардан кўриб чиқиш мумкин. Маршал Маклюэн қарашларига кўра, келажакда барча ахборий тизимлар ягона форматга ўтиши, «дунё глобал қишлоққа айланиши», Николас Нигропонте фикрича, алоқа тизими, босма ОАВ, ТВ ва радио уйғунлашуви, Г. Женкинснинг типологиясига кўра, технологик, маданий, ижтимоий конвергенцияга бўлинув, Г. Майкл ва Ш. Ян ишлаб чиққан конвергенциялашувнинг 4 мезони (1. Технологик мезон (телекоммуникация тармоқларининг бирлашуви); 2. Ишлаб чиқариш мезони (анъанавий ОАВнинг рақамли медиамакондаги фаолияти); 3. Ижтимоий мезон (фойдаланувчилар томонидан яратилган контентнинг ошиши); 4. Матн ўзгариши (ахборотларнинг турли медиа шаклларида акс этиши),