Ўқувчиларнинг ижодкорлик фаолиятини ривожлантиришнинг уйғунлашган технологиялари. Монография - страница 6

Шрифт
Интервал


Шулардан келиб чиқиб технология фанининг вазифалари ДТСда қуйидагича белгиланган:

– турли ишлаб чиқариш соҳалари мазмунига тааллуқли дастлабки маълумотларни ўргатиш, ўлчаш-текшириш асбобларидан, маълумот манбаларидан фойдалана олиш, меҳнат амалиётларини бажариш, эришилган меҳнат натижаларни белгиланган талаблар билан таққослаш орқали хулоса чиқаришга ўргатиш;

– халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишлатиладиган техника ва технологиялар тўғрисида билимлар бериш, инсон фаолиятининг турли соҳалари билан амалий меҳнат орқали яқинроқ танишишларига имкон яратиш;

– механизациялаштирилган ва электрлаштирилган воситалар билан ишлаш, технологик билим ва малакаларни меҳнат қонунчилиги, хавфсизлик техникаси қоидалари, санитария-гигиена талаблари асосларини ўргатиш;

– ўқувчиларни бозор иқтисодиёти қонуниятлари талаблари асосида сифатли, рақобатбардош истеъмол моллари, меҳнат маҳсулотлари етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиш воситаларини ўргатиш, иш бошқарувчи (менеджерлик), ҳомийлик, ишбилармонлик сифатларини шакллантириб бориш ва ривожлантириш;

– ўқувчиларга билимга интилиш ва меҳнатга муҳаббат, меҳнат кишиларига нисбатан ҳурмат ҳиссини сингдириш, уларни жамоатчилик, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш;

– халқ ҳунармандчилиги касбларини ўргатиш орқали халқнинг миллий руҳини, яшаш тарзини, анъаналарини тиклаш ва ривожлантириш. Миллий қадриятлар, тарихий ёдгорликлар, халқ усталарининг бой меросини ўргатиш, амалий фаолиятларда улардан фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш;

– янги ишлаб чиқариш ва ахборот технологиялари, компьютер техникаси, янги техника ва жиҳозларнинг қўлланилиши соҳаларини замонавий талаблар даражасида ва жаҳон тажрибаларига мос ҳолда ўрганишларини таъминлаш;

– юқори синфларда турли мутахассисликларнинг касбий фаолиятида қўлланиладиган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, мосламалардан фойдаланишни ўргатиш [209; 3-5-б.].

Булардан кўринадики, технология фани мактаб ўқувчиларига таълим-тарбия беришда катта аҳамиятга эга. Шу сабабли технология фани дарсларини ўтказишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айниқса, бунда педагогик технологиялардан фойдаланиш яхши натижалар беради, деб ҳисоблаймиз. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги таълимий-тарбиявий ва ривожлантирувчи вазифаларни ҳам бажариш зарур бўлади:

Таълимий вазифа