– Ким босди?! – деб сўради у биздан.
– Ҳозиргина бир номаълум такси уриб, нариги томонга қочиб кетди, мен хотинга ёрдам берай деб тўхтадим, – деди Шариф ака уялмай-нетмай. Милиция ходими менга қаради. Мен унинг гапини тасдиқладим.
– Шу ердан кетмай туринглар, гражданлар, – деди милиционер ва мотоциклда Шариф ака қўли билан ишора қилган томонга кетди. Қўшним эса пайтдан фойдаланиб, машинанинг олдинги буферидаги мажақланган жойини тузатиб қўйди. Машиналар йиғилди. Бир оздан сўнг ҳалиги милиционер қайтиб келди. Воқеа содир бўлган жойни ўлчаб чиқиб, нималарнидир ёзиб олди. Актга мен билан Шариф акани гувоҳ сифатида кўрсатиб, имзо қўйдириб олди.
Бир куни мени терговчи чақириб, ўша куни кўрган-билганингизни гапириб беришингиз лозим, агар ёлғон гапирсангиз, жиноий жавобгарликка тортиласиз, – деди.
Ўзинг ўйлаб кўр, дўстим, мен нима дейишим керак? Шариф ака ҳар куни келиб, кўзларини мўлтиллатиб ёш боладек ёлворади. Кечалари ўйлаб чиқаман. Ростини айтсаммикин? Унда Шариф акани қамашса-я. Болалари Ботир, Назир ва Зарифаларин ўйлайман. Агар Шариф ака қамалиб кетса борми, нима деган бўламан. “Дадамизни сен қаматдинг” деб айтишади. Йўк, йўқ! Шариф аканинг илтимосини бажардим. Инсонга яхшилик қилиш керак, деган қарорга келдим. Ручкани олдим, коғозга Шариф ака айтгандек ёзиб бердим. Кечки пайт олдимга Шариф ака келганда, жуда олийжаноб иш қилгандек, мақтаниб ҳаммасини гапирдим. Бечора оёғимга йиқилгудек бўлиб, миннатдорчилик билдирди.
Орадан бир неча кун ўтди. Бир куни терговчи мени яна чақиртирди.
– Ўша кунги воқеани бизга тўғри гапирганмидингиз ёки озроқ ёлғони ҳам бормиди? – сўради у жиддий оҳангда. Ростини айтсам, бир оз шошиб колдим… “Нима бало – ёлғонлигини сезиб қолишдими? – деб кўнглимдан ўтказдим. Аммо сирни бой бериш керак эмас. Терговчилар ўзи шунақа бўлишади. Қайта-қайта ҳижжалаб сўрашгани-сўрашган.
– Тўғри гапирганман, ўртоқ терговчи, – дедим шарт кесиб.
– Шундайми? – салмоқлади у. – Ҳали ҳам кеч эмас. Яхшибоев. Ёлғон гапирманг, жавобгар бўласиз.
Мен ҳам анойилардан эмасман. Кошкийди, туфлаган тупугимни кайтиб оладиганлардан бўлсам. Шарт-шарт “илгариги кўргазмам тўғри” деб ёзиб бердим.
Мен ёзган қоғозни қўлига оларкан, терговчи жилмайиб бош чайқади. Кўзларида менга нисбатан нафрат учқунлари пайдо бўлганлигини сезиш қийин эмас эди. У қўли билан энгашиб, стол ёнидаги тугмани босди. Зум ўтмасдан эшик очилиб, Шариф акани бир милиция ходими ичкарига олиб кирди. Ҳайрон бўлиб қолдим.