Хоразм Маъмун академияси ўтмишда ва ҳозир. Хоразм Маъмун академияси ташкил топганлигининг 1000 йиллигига боғишланади - страница 2

Шрифт
Интервал


Мустақиллигимиз шарофати, юртбошимиз ташаббуси, саъй харакатлари билан қайтадан ташкил этилган бу академия республикамиз илм аҳли, айниқса хоразмликлар учун кенг имкониятлар яратди. Ўзбекистонимизнинг илмий салоҳиятини юксалтириш, уни жаҳон илмий ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш, минтақаларда илм- фанни янада ривожлантириш, истеъдодли, қобилиятли, элим деб, юртим деб ёниб яшашга қодир фидоий олимларни қўллаб-қувватлаш, миллий урф-одат, қадриятларимизни улуғлаш, Ватанимиз тарихини чуқур ўрганиш, боболаримиздан қолган бой меросни асраб-авайлашда академия фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Хоразм дунё маданий тараққиётига салмоқли улуш қўшган, ўзининг бой тарихи, юксак маънавияти, ноёб обидалари, ҳунарманд- чилиги, деҳқончилиги билан жаҳонга танилиб келаётган муқаддас заминдир. Хоразм ўзбек давлатчилигига асос солинган, дунё халқлари- нинг қўлёзмаси «Авесто» асари яратилган табаррук диёрдир. XII – XIV асрларда элимизга ташриф буюрган араб сайёҳлари Ёқуб Ал Хамавий, Ибн Батуталар дунёдаги ҳеч бир ўлкада Хоразмдагидек олийжаноб, маърифатпарвар, ҳунарманд, меҳмондўст элни кўрмадим деб ёзиб қолдирганлар. Дарҳақиқат, дунё илм фанига асос солган буюк сиймолар, донишманд алломалар Хоразм фарзандлари, Хива дилбандлари. Бутун жаҳонда ҳар куни, ҳар соат, ҳар лаҳзада миллионлаб кишилар мурожаат қилиб келаётган-Ал жабр, алгоритм алгебра фанига хоразмлик буюк аллома Мухаммад Мусо Ал Хоразмий асос солган. Ер шари глобусини бизнинг ватандошимиз Абу Райхон Беруний (Маъмун Академиясининг илк раҳбари) яратган. Атлантика уммони ортида Америка қитъаси борлигини Христофор Колумбдан 500 йил олдин башорат этиб, ҳаттоки унинг харитасини чизиб қолдирган ҳам Абу Райхон Беруний хазратлари бўладилар. Мана бу эътирофга эътибор беринг: «Дунёдаги барча қишлоқлар жамланиб, Хоразмнинг биргина Замахшар қишлоғига фидо бўлса арзийди. Чунки бу қишлоқ минг йилларда бир марта келиши мумкин бўлган Маҳмуд Аз Замахшарийдек алломани дунёга келтирди». (Ибн Ваххос-Маккаи Мукаррама Амири). Замаҳшарий элликдан ошиқ нодир асарлар ёзиб қолдирган. Араб грамматикасига асос солган. «Жоруллоҳ» яъни «Худонинг қўшниси» деб эъзозланган.

Шайх Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Мунис, Аваз Ўтар, Комил Хоразмий, Саййид Муҳаммад Раҳимхон Соний- Феруз каби буюк сиймолар, ардоқли алломалар шу табаррук заминда яшаб камол топганлар.