– Коллежимиз малакали қурувчи кадрларни халқ хўжалиги соҳасига етказиб бериб келаётган республикамиздаги намунали ўқув вакасб-ҳунар даргоҳларидан бири ҳисобланади. Мен ўз иш фаолиятимни мана шундай нуфузли даргоҳда бошлаганимдан фахрланаман.
Коллежимиз ўзининг 40 йиллик тарихида шонли йўлни босиб ўтди. Биз ҳурматли узтозларимиз Н.С.Голованов, К.Д.Хен, Э. Худойберганов, М. Собурова, М.Б.Цой (Руҳлари шод бўлсин!) ҳамда ҳозирги кунда ҳам билим ва тажрибалари билан бизга ҳамкор, мададкор бўлаётган М. Ваисов, Р. Каримов, Р. Матёқубовлар бошлаб берган йўлдан бориб, уларга бўлган ҳурмат-эҳтиром, садоқатимизни ўқув, илмий, услубий, тарбиявий ишларни янада яхшилаш, такомиллаштириш билан намоён этишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Коллеж юксалиш йўлидан боряпти. Айниқса мустақиллик йилларида икки чақириқ бўйича Олий Мажлис депутати бўлган меъморчилик фанлари номзоди И.С.Бойжонов раҳбарлиги, ташаббускорлигида янада кўркам, файзли қиёфа касб этди, моддий техника базаси мустаҳкамланди. Малакали мутахассис кадрлар жамоаси шаклланди.
1999 йилда коллеж тўла таъмирланиб, ҳар иккала бино – ўқув хоналари, лабораториялар, устахоналар, кутубхона, спорт зали, ошхона замонавий талаблар асосида жиҳозланди. 2000 йилда мамлакатимиз хукумати ва Осиё тараққиёт Банки ҳамкорлигида амалга оширилган ўрта махсус касб-ҳунар таълимини ривожлантириш лойиҳасига киритилди. Бу эса янги имкониятлар уфқини очди. «Таълим самарадорлигини ошириш йўллари», «Баҳолаш методлари», «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури фалсафаси», «Давлат таълим стандартлари» каби мавзуларда ўқитувчи, мухандис- педагогларимизнинг барчаси махсус семинар-тренинглардан ўтиб, сертификат олдилар. Бу эса шу банк доирасида берилаётган жихозларни, ўқув-техника воситаларини, кўргазмали қуролларни ўқув тарбия жараёнига тезлик билан самарали жорий қилишга катта ёрдам бераётир. Шунингдек, таълим технологиялари моҳиятини, ўқитиш моделларини, услублари ва шаклларини тўғри танлаш, улардан фойдаланиш малакасини, анъанавий ва ноанъанавий ўқитиш моделларининг афзалликлари ва камчиликларини, таълим жараёнининг технологик харитасини ва дарс ишланмасини ишлаб чиқиш, таълимнинг асосий техник ва ахборот воситаларидан фойдаланиш, ўз йўналиўлари бўйича давлат таълим стандартларига асосан янги баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш малакаларини чуқур ўрганиб олдилар. Ўз навбатида бу ўрганганларини амалда самалари қўллаб келмоқдалар.