Милоддан аввалги 1 минг йиллик ўрталаридан араб истилосигача ўтган давр мобайнида Хоразмда монументал меъморчилик тараққий топган. Жонбосқальа, Қўйқирилган қальа, Тупроққальа қолдиқлари шуни кўрсатидики, хоразмлик меъморлар ва тасвирий санъат усталари ниҳоятда юксак дид ва маҳорат билан ишлаганлар. Хукмдорлар яшайдиган қароргоҳлар, саройлардаги ҳашамдор безаклар архитектура иншоотларига уйғун ҳолда ишланган.
Антик Хоразм шаҳарчалари тўғри бурчакли қилиб, аниқ режалар асосида бунёд этилган. Шаҳарни қалин, баланд пахса деворлар билан ўраш расм бўлган. Мудофаани мустаҳкамлаш мақсадида деворларнинг ташқи томонлари остига хандаклар қазилган. Бу давр (эрамиздан аввалги 1 минг йилликнинг биринчи ярми) маълумотлари жамланган энг қадимий ёзув обидаси ҳисобланган «Авесто» китобида хоразмлик меъморлар меҳнати ҳақида маълумотлар берилган. Хуллас, меъморчилик азалдан хоразмликларнинг қон-қонига сингиб кетган бобомерос касб эканлиги шак-шубҳасиздир. Буни кўхна ва ҳамиша навқирон Хива ёдгорликлари ҳам исботлаб турибди. Қайси бир обидага кўз ташламанг, унда юксак дид, нафосат ва гўзаллик мужассам. Ўз замонасининг энг яхши меъмори ҳисобланган уста Нурмуҳаммад Тошҳовли қурилишида катта хизматлар қилган бўлса, Абдуллажон деган машҳур меъмор Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, қўхна Арк ва бошқа қатор обидаларни бунёд қилишга беқиёс ҳисса қўшган. Хоразм меъморчилигига оид услубларни ривожлантиришда ҳормай-толмай меҳнат қилганлардан яна бири Рўзимат Машариповдир. У оддий пахса девор қурадиган устадан катта меъмор, етук наққош даражасига кўтарилган. Уни халқ орасида «Рўзимат бобо» дея эътироф этишган. Ичон қальа сарой-мадрасалар қурилишида фаол иштирок этган. Полвон Қорий, Мамат Махрам, Хусайинбек мадрасалари, Қўша дарвоза, Нуриллабой, Тозабоғ саройи қурилиши ва безатилиши юмушларига бош бўлган. Шўро даврида Урганч, Мангит, Гурлан, Хазарасп ва бошқа жойларда давлат муассасалари, касалхоналар, пахта заводлари қурилишига раҳбарлик қилган. Хивада ташкил этилган «Умид» артелида ёғоч, ганч, меъмор ўймакорлиги ва наққошликдан сабоқ берган. Тошкентдаги Алишер Навоий номли Академик театр биносини безашда қатнашган. 60 ёшида Паҳлавон Маҳмуд мақбарасини таъмирлаган нозик ва машаққатли ишга бошчилик қилган. Ҳозир Хивада Хоразмнинг бу машҳур меъмор ҳунарманди номига кўча қўйилган. Унинг ишларини ўғли Самандар невараси Жуманазарлар давом эттиришаяпти.