Китоб муаллифи ҳақида икки оғиз сўз: Ибадулла Байджанов – Хоразм вилоятининг иқтидорли меъмори. Ўз соҳасини чуқур ва пухта билади. Воҳа тарихида биринчи бўлиб меъморчилик фанлари номзоди даражасига сазовор бўлган. Ўзбекистон Республикасида кўзга кўринган иқтидорли мутахассис. Изланувчан исътедодли олим. Ташкилотчи раҳбар. У 15 йилдан ошиқ воҳа маркази Урганч шахри бош архитектори вазифасида ишлаган пайтларидан бошлаб ўзидаги ишчанлик ва инсонийлик фазилатларини кўрсата олди. Унинг фидойилиги, тиниб – тинчимаслиги қурувчилар билан бир тан, бир жон бўлиб ишлаши натижасида воҳа маркази янада кўркам, чиройли манзара касб этди. У 1988 йилда Урганч қурилиш техникуми (ҳозирги пайтда коллеж) га директор қилиб тайинланди. Бу катта ва муқаддас даргоҳда ҳам самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Шахсан унинг ташкилотчилиги ва ташаббускорлиги билан «Архитектура», «Ҳалқ хўжалигини ривожлантириш ва иқтисод», «Курилишни кўкаламзорлаштириш», «Ҳўжалик хуқуқшуноси», «Молия», «Менежмент», «Солиқ ва солиққа тортиш» каби мутахассисликлар бўйича янги бўлимлар очилди. Ўқув биносининг янги корпуси қад ростлади. Ишлаб чиқариш устахоналари қурилди. Билим даргоҳи қайтадан тўла таъмирланди, янги жиҳозлар, асбоб-ускуналар, компьютерлар сотиб олинди. Боғ, хиёбон, гулзорлар яратилди.
Ибадулла Байджанов яна бир, жамият, Ватан, мамлакат учун фойдали ва муҳим фазилат соҳиби. У иқтидорли, истеъдодли ва заҳматкаш ижодкор ҳамдир. Ўндан ошиқ рисола, 120 дан зиёд илмий – оммобоп мақолалар муаллифи. Ўтган йили нашр қилинган «Ҳумо қўнган шаҳар» китобида Хоразм воҳаси маркази Урганч шахрида амалга оширилган ва оширилаётган улуғвор ишлар, бунёдкорлик жабҳалари, маънавият ва маърифат масканлари фидойи замондошлари, иккинчи қисмида эса меъморчилик муаммолари, замонавий, кўркам, обод шаҳар бунёд этиш масалалари ҳақида ҳикоя қилган, бахс – мунозарали фикрлар билдирган эди. Китоб кенг китобхонлар оммаси томонидан қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса тарихчи олимлар, ўлкашунослар томонидан эътироф этилди. «Олтин мерос» халқаро жамғармасининг Хоразм вилояти бўлими мукофотига сазовор бўлди. Айни пайтда бу китоб Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг саккиз йиллигига муносиб тўйёна бўлган эди.
Ибадулла Байджанов мамлакатимиз истиқлолининг тўққиз йиллигига ушбу янги рисоласини туҳфа этди. Бу китобнинг билим ва касб-ҳунар даргоҳи ташкил этилганлигининг 35 йиллиги олдидан нашр қилинганлиги ҳам қувончли воқеа, муаллифнинг қадрдон жамоаси, она юртига меҳр муҳаббати, садоқати нишонасидир.