Ҳумо қўнган шаҳар. Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 ва Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳийнинг 190 йиллиги юбилейларига бағишланади - страница 10

Шрифт
Интервал


1646 йилда Абулғозий Баҳодирхон томонидан янги Урганчга асос солинганида ҳам бошқарув лавозимларида энг оқил, доно, тадбиркор инсонлар фаолият кўрсатишган. Шу боис янги Урганч яна қаддини тиклаб, Хоразмнинг кўркам, чиройли шаҳарларидан бирига айланиб, қурилиш бунёдкорлик, савдо-сотиқ соҳаларида кўплаб ҳайрли ишлар амалга оширила бошлаган, ҳунармандчилик ривожлантирилган. Абулғозий хоннинг бу йўналишидаги хайрли ва савоб ишларини унинг вафотидан кейин тахтга ўтирган ўғли Анушахон давом эттиради…

Ҳар гал муқаддас обида – Абулғозий Баҳодирхон ҳайкалига кўзим тушганда, бу улуғ зот қаламига мансуб асарларни ўқиганимда ёки ҳукмдор, тарихчи, олим ва табиб элдошимизнинг ўзи ҳақида битилган ёдномаларни мутолаа қилганимда хаёлимдан юқоридагига ўхшаш фикр-мулоҳазалар ўтади. Орзу-умид қиламан ва ишонаманки, Урганч асосчиси Абулғозий Баҳодирхон ворислари воҳа марказини янада нурафшон қиладилар.

Жалолиддин Мангуберди кўчаси

Урганчда ана шундай кўча бор. Хоразм элининг энг довюрак инсони, енгилмас курашчиси, миллий қаҳрамони Жалолиддин Мангуберди номи билан аталаётган бу кўча «Оби ҳаёт» маҳалласида жойлашган. Кўчанинг шундоққина биқинида Шовот канали оқиб ўтади. Вилоят лойиҳалаш институти, божхона биноси, «Сув оқава» ташкилоти, шифохона, иккита болалар боғча-яслиси,«Лола» ательеси, «Хоразмсувқурилиш» трестига қарашли уй-жойлар, равон йўллар, йўлаклар, хиёбонлар, гулзорлар бу кўча кўркига кўрк қўшиб турибди.

Машҳур саркарда номидаги бу кўча ўртасидан кесиб ўтган кенг асфальт йўл тўппа-тўғри Урганч маркази томон бошлаб боради. Мен ана шу кўчада яшайман ва бу билан чексиз фахрланаман. Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида Республика Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинган кун кўчамизда бамисоли байрам бўлди. Қўни-қўшнилар, бутун кўчамизда истиқомат қилаётган каттадан-кичик бу хушхабарни эшитиб ниҳоятда қувонишди. Маҳалла фуқоралар йиғини раиси Эркин Собиров ҳар бир тўй-тантанани очиш олдидан бу ғамҳўрлик ва қадриятларимиз улуғланаётганини фахр билан қувона-қувона таъкидлайдилар.

Урганчни гуллаб яшнашига ҳисса қўшган кўплаб фидоий инсонлар шу кўчада яшайдилар. Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисининг депутати Эркин Абдуллаевич Раҳманов.

У вилоят миқёсида қатор масъул вазифаларда, жумладан Урганч шаҳар комсомол ва партия комитетларида бўлим мудири, биринчи котиб, Урганч шаҳар кенгаши ижроия комитетининг раиси вазифаларида ишлади. Шу лавозимларда фаолият кўрсатган чоғида Э.А.Раҳманов воҳа марказини кўркам, чиройли бўлишида, замонавий бинолар қурилишида раҳбар сифатида фаол иштирок этди. Шунингдек, Ринат Аҳмедов, Қарри Рузметов, Абдушариф Ибрагимов, Рустам Худайбергановлар ҳам шу кўчада истиқомат қилаётган ва Урганч жамоли ва камолини яшнатишга муносиб ҳисса қўшган улуғ инсонлардир.