Мавлоно Завқий - страница 17

Шрифт
Интервал


Симу зар тўплама, дўстларла еб – ич,

Бўлмаса хаммаси душманда қолур.

У. Хаём

Соддадил меҳнатсевар қўли гул дехқонлар умр бўйи яхши умидлар билан катта хирмон кўтаришни орзу қилиб меҳнат қилардилар, меҳнат якунида томошалар, сайиллар ташкил қилишиб хордиқ чиқаришар, орзулари катта тў-ю-тамошалар қилиб, эл олдига дастурхон тузаш эди, Мухаммад Солихнинг ҳам орзуси оила фаровонлиги таминлаш, фарзандларини муносиб кишилар қилиб вояга етказиш, айниқса Убайдулланинг илмли, элга таниқли киши бўлишини истар эди. Кайноғаси Содиқбой ҳам шундай фикрда бўлиб, опасининг оиласига қўлидан келган ёрдамини аямас, ҳам моддий, ҳам маънавий қўллаб ўқтин – ўқтин хабар олиб турар эди.

***

У айниқса онасининг вафотидан сўнг опасини она йўлли кўриб жуда эъзозлар, имкониятидаги барча ишларни аямай бажарар эди. Саҳийлик обрў-эътиборини ошириши билан бирга шахсий ишлари ҳам ривожланиб борар, мурувватли ҳаётини ҳеч кимдан аямас эди. Одамларнинг дуоси «бирини ўн», «ўнни туман» қилиб, мавқеини тинимсиз оширар, авваллари салкам бир таноб ерида кетмон билан тинмай меҳнат қилган бўлса, эндиликда ихтиёрида эллик таноб ери бор, чоракорлар тинмай меҳнат қилишади, тагида уловлари, омборхонасида қоп-қоп ғаллалари тахланиб ётади. Ака-укаларига қанчалик меҳрибон бўлса, опасининг оиласига ҳам анна шундай меҳрибон ва жонкуяр. Ҳар жума кунлари шаҳарга жума намози ўқишга келади, сўнгра албатта опасининг ҳовлисига ўтади. Ҳар хил нозу неъматлар харид қилади, гоҳо ошнинг харажатини қилиб поччасини палов билан сийлайди, Убайдуллани эркалатиб, анча вақт суҳбатлашиб ўтиради. Мана бугун ҳам қувониб опасининг ҳовлиси томон йўл олди.

– Опажон мана мен келаяпман, – деди Содиқбой ўз одатига кўра опасига елкасини тутиб.

– Вой укагинам келинг, кўзимдан ўтиб турган эдингиз. Қани ичкарига киринг, овқат тайёр, бирга тушлик қиламиз.

– Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг Убайдуллохонни соғиниб қоламан, ҳар куни келавергани ийманаман.

– Асло ийманманг, бу ҳовли ҳам ўзингизнинг уйингиз. Убайдуллохон мисоли ўғлингиздек, у ҳам сизни яхши кўради.

– Поччам яхшимилар?

– Худога шукур, сизни кўп тилга оладилар, у киши сизга почча эмас туғишган оғадеклар.

– Тўғри, мен ҳам ўзимни яқин тутаман, энг кўп борадиган жойим сизларники. Мана бу нарсаларни олиб қўйинг, – деди у қўлидаги шоҳи рўмолга ўралган нарсаларни опасига узатиб.