Мавлоно Завқий - страница 29

Шрифт
Интервал


***

Тарихчиларнинг қайд этишича, Туркистоннинг «Босқинчилар томонидан асоратга олиниб мустамлакага айлантирилган ҳудудларида 1856 йилдан 1916 йилгача 4922 марта катта-кичик ғалаёнлар бўлиб ўтган. Бу ғалаёнлар бедодликдан сабр косаси тўлиб тошган оддий халқнинг исёнларидир. Мустамлакачи босқинчиларнинг касофати билан зулмнинг энг оғир тошлари оддий халқ бошига тушган. Юрт соҳиблари, хонлар ва беклар халқни ҳимоя қилиш зиммасида бўлган амиру умаро шу халқнинг нонини еб каррилаган сипоҳ қолиб, оддий меҳнаткашлар паншаха ва ўроқ билан ўз уйини, ор-номусини, иффат ва қисматини ҳимоя қилган. Ҳокимлар эса сотқинлик, хушомад, мунофиқлик йўллари билан ўз жонинигина асраш пайида бўлган. Туркистон халқлари бошидан сўнгги 500 йил давомида кечган қонли фожеаларнинг асосий айбдорлари юрт ҳокимларидир. Қўқон хонлиги тарихидаги хунрезликларидан бири бўлган Пўлотхон қўзғолони энг мудҳиш, энг қаро кунлардан бўлиб, барчани ҳанузгача ҳайрат ва нафратга солади. Бу исённинг асл моҳияти ва натижалари афсуски яшириб келинган. Ҳар бир фуқаронинг онгли фаолияти, яшаш тарзи, маданияти, илм-фанга бўлган муносабати, фидоийлиги ва жасорати ўша мамлакатнинг тараққий қилиш, қилмаслигига бевосита боғлиқдир. Жамики ижобий фазилатларимиз жумладан чуқур илмлар соҳиби бўлишимиз, камтарлик, тежамкорлик, самимийлик, меҳр-оқибат, ўз ватанимиз ва миллатимизга бўлган садоқат, меҳнатсеварлик каби хусусиятларимиз қувончли ҳаётга етаклаб қайғуларнинг барҳам топишига катта таъсир ўтказган.

Қайси соҳада бўлмасин, мувозанатнинг бузилиши мамлакат ҳаётига таъсир қилмай қўймайди. Миллатнинг аҳволи эса ҳар биримизнинг тақдиримизга иложсиз таъсир ўтказади, ҳар бир шахс ўз қилмиши, хатти-ҳаракати билан ўз ватани учун фойдали ёки зарарлидир.

Тарих деганда кўпроқ уруш ва жанжалларни тушунамиз, ўша даврнинг иқтисодиётига қизиқамиз, аслида ўтмиш инсониятнинг маданияти, фани, маърифати, маънавияти ҳақидаги хабарлар бўлмоғи лозим эди. Халқ ҳеч қачон мудҳиш хатога йўл қўймайди, ҳеч қачон жиноятчи ҳам бўлиб қолмайди, хато учун ҳар доим уни бошқарган ҳукмдорлар айбдор. Ўшаларнинг касрига оддий халқ жафо чекади, кўргиликларнинг жабрини тортади.

Кўп манбаларда Қўқоннинг охирги хони Худоёрхон деб юритилади. Аслида ундан кейин икки кишига тахт соҳиби бўлиш насиб қилиб, улар сохта Пўлотхон ва Худоёрхоннинг тўнғич ўғли Насриддинхондир. 1875 йилда хонлик гаштини тузукроқ суришга улгурмаган Насриддинбек Пўлатхон бошчилигидаги исёнчилардан қочиб тахтни бўшатиб беради.