Мавлоно Завқий - страница 30

Шрифт
Интервал


***

Барчага маълумки, инглизлар билан Россиянинг яширин кучлари Ўрта Осиёни забт қилиш учун ўзаро узоқ йиллар қаттиқ яширин кураш олиб бордилар. Бу курашда русларнинг қатъийлиги қўл келди. Турк султонлари, Англия элчилари Ўрта Осиёдаги уччала хонликни рус ҳужуми хавфидан кўп марта огоҳ қилади. Ана шундай ҳолатларда ҳам мамлакат учун қайғурмаган хонлар мана энди руслар эгаллаб бўлган бўлса ҳам тахт учун курашишдан қайтмас эдилар.

Халқ қудратли бўлишга сабаб у бардошли, андишали, мулоҳазали, кечиримли ва мўъжизакордир. Шундай фазилатларга эга бўлган бечора халқ ҳар доим ҳар қандай кўргиликларга чидаган, кечирган, барча сурбетлик ва пасткашликларга бардош берган.

Шунчалик кўргиликлар етмаганидек, тўполонлардан фойдаланган муқобил кучлар насли насаби йўқ, бетайин Абдулмўмин Муҳсинбойнинг ўғли носфуруш мулла Исҳоқ деган кимсани хон деб эълон қилдилар. Бухорода истиқомат қилаётган хон авлоди Пўлотхон ўрнига Исҳоқ носфурушни Пўлотхон деб тахтга ўтказдилар. Ёқа ушлайдиган ҳангомалардан одамлар бехабар эдилар. Мусулмонқул Мулла Исҳоқни олиб Чустга етиб келади, қипчоқлар билан иттифоқ тузган қирғизлар сохта Пўлотхонни хурсандчилик билан кутиб олдилар, ҳеч нарсадан шубҳаланмай, тантанали равишда оқ наматда кўтариб хон деб эълон қилдилар. Қўзғолон янги куч олиб янада ривожланди, ўзаро бирлашган қирғиз ва қипчоқлар катта кучга айланиб Ўзган, Учқўрғон, Ўш, Сўзоқ ва Булоқбошини эгалладилар, ҳатто Қўқон сарбозлари ҳам қўзғолончилар томонига ўтиб кетди. Жиддий қаршиликка учрамаган қўзғолончилар кундан-кун ҳаддиларидан ошиб кўз кўриб қулоқ эшитмаган безориликларга қўл уришар, шаҳар, қишлоқларни вайрон қилиб ўт қўйишар, тартибсизликлар оммавий тус олиб борарди. Куни кеча зах ерда ўтириб носвой сотиб тирикчилик қилиб юрган оми одамни бугун юз минглаб одамларнинг тақдирини ҳал қиладиган катта лавозимга ўтириши, қулоқ эшитиб, кўз кўрмаган воқеа эди. Пўлотхон саноқли кунлар ичида худди олам уммонида сузаётган катта кеманинг дарғасига айланган, бош қўмондонга хос дадиллик билан жангга кирар, оёғи етиб борган жойда аёвсиз қирғинлар қилар, беайб кишиларни қатл қилдиришни хуш кўрар, айниқса хон авлодларидан ҳеч кимни аямас, аёлми, гўдакми раҳм қилмай сўйдирар эди. Унинг қилган шафқатсизликлари кишиларнинг дилига титроқ соларди. Кундан кун ёвузлиги ошиб халқ бошига кетма-кет қилган фалокатлари таърифга сиғмас, энди одамлар уни Заххоки Соний ёки жаллодлар жаллоди деб атардилар. Тасодифий парвоз тез қулайди деганларидек, халқнинг ғазабига ва нафратига учраган сохта Пўлотхон озгина фурсат ичида қулади. Ёрмозор деган жойда уни дорга осдилар. У ўлими олдидан ўзининг нақадар пасткаш ва қўрқоқ эканлигини кўрсатиб кетди. Ўша даврда ёзилган Ховоий-Умидийнинг ушбу сатрлари Пўлотхонни нақадар қаҳрли, нақадар разиллигидан дарак беради.