Мавлоно Завқий - страница 4

Шрифт
Интервал


***

Бу заминда келажак авлодларимизга юз йил ёки минг йил эмас, бир неча миллион йиллар, эҳтимол миллиард йиллар яшамоқ насиб қилар, ҳар бир мавжуд авлод шу ҳақда ўйлаб қайғуриб яшамоғи лозим.

Табиий жараёнлар ҳар доим кайфиятингга ажиб бир таъсир ўтказувчи мўъжиза. У гоҳ қувонтириб, гоҳ шодлантириб, маъюслантириб ҳатто кўзингдан ёш оқизишга қодир. Шамол мусиқа чалса, ёмғир рақсга тушади, офтоб кулса шабада табассум қилади. Қор ёғиши айниқса, улуғвор, юрагинг юмшаб, кайфиятинг илкис ўзгаради, чақмоқ ақлни уйғотади, ҳаракат уни ҳаракатга келтиради, момоқалдироқ қўрқув солади, шамол аллалайди, ёмғир шодлантиради, қор завқ беради, осмонга тикилиб бор товушинг билан бақиргинг келади. «Эй одамлар қаранглар, осмондан қувончлар ёғилмоқда, табиат бутун оламни оппоқ қилиб безамоқда». Бу сеҳрли жараёндан нафақат одамлар ҳатто паррандалар, бутун маҳлуқот қувончга тўлади, азал-азалдан табиат шўхликлари, фикрларингни бойитиб, меҳр қўзғаб ижодга ундайди, киши руҳига самодан узлуксиз сеҳрли садо келиб пичирлаб туради, уни ихлос билан тинглай олсангиз тилга киради. Табиат қаъридан оқиб келадиган товушлар, тинимсиз товланадиган ранглар барча мавжуд гўзалликларнинг манбаидир, унинг маслаҳатига қулоқ солган, ундан андоза ола билган одам, гўзал одамдир.

Умр омонат, ўлим ҳақ деган гапларни кўп эшитамиз, лекин умрнинг омонатлигини ҳар доим ёдда сақлаб яхши ном, яхши хотира қолдириш учун бутун ҳаётини эзгу ишларга сарфлаб, одамийлик мулкига ўз ҳиссасини қўшиб кетган кишилар унчалик кўп эмас, афсуски шундай. Деярли ҳар қандай одам ҳаётини шарафли яшаб гўзал бир хотира қолдириб кетиш имкониятига эга, фақат бу ишга холис ва покиза ният билан ёндошмоқ лозим. Бу йўлда жуда кўп чалғитувчи истаклар борки, улар билан курашмоқ даркор.Ҳар қандай инсон қайсидир макон ва замонда яшаб улғаяди, ниманидир яратиб ўтишида муайян кишиларнинг заҳматли меҳнати ётади. Биз ўтмиш ва замондошларимиздан яратган ва амалга оширган эзгу ишларимиз учун қарздормиз. Буюк одамлар ўз зиммасидаги қарзни узиб, келажакни қарздор қилиб кетадилар.

***

Ҳижрий 1270 (1853 милодий) йили Россия жангчилари Қўқон хонлигига қарашли Оқ мачит қаъласини забт этадилар. Ўша даврда хонликни 14 яшарлигида тахтга ўтирган Худоёрхон бошқарар эди. Шералихонни ўлдириб тахтни эгаллаган Муродхон атиги 7 кун хон бўла олди холос. Бу хабарни Ўш шаҳрида исённи бостириш учун келган Мусулмонқул эшитган замони Қўқонга юриш қилиб Муродхонни асир қилади ва ўша куннинг ўзида қатл қилдиради. Тахтга Шералихоннинг ўғли Худоёрхонни ўтиргизиб уни ўзига куёв қилиб олади, амалда хонликни ўзи бошқаради. Мана 8 йилдан буён хонлик тахтига ўтирган Худоёрхон ҳукмрон сифатида мамлакатни бошқариб келмоқда. Бухоро амирлигидан ажралиб чиққан мустақил Қўқон хонлиги айни чоғда энг катта майдон ва энг кўп аҳолига эга. Хива хонлиги билан Бухоро, Бухоро хонлиги билан Қўқон ўртасидаги зиддият ва тинимсиз давом этган урушлар халқнинг тинкасини қуритар, тараққиёт ривожланишига йўл қўймас, кетмон ва омоч билан ер ҳайдаб иш юритадиган деҳқон, қўл кучи билан меҳнат қиладиган ҳунарманд зўрға-зўрға тирикчилик қилар, бу ҳам етмагандек, беклар ва амалдорларнинг зулми янада аянчли аҳволга солиб қўйган эди.