Мавлоно Завқий - страница 3

Шрифт
Интервал


***

Дунёни муштумзўрлар бошқаради дейишади, чиндан шундай бўлса, бунга қўрқоқ донишмандлар айбдор.

Олам эскириб бориб янгиланиш тараддудига тушади, янгиланиш йўлининг қай бири ихчам, ёқимли ва фойдали эканлиги мавҳум бўлади. Ана шу йўлни қидириб топиш асосий муаммодир, лекин одамлар муаммоларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, бир-бирлари билан узоқ ёқалашадилар, кўп азобу уқубатга гирифтор бўладилар. Талашаверадилар, яна талашаверадилар. Ғафлат уйқусидан уйғонолмай, энг муҳим муаммони аниқлай олмайдилар. Энг истиқболли йўлни кўра билмайдилар. Кўрган-билган, фаҳмлаган доно фидоийларга жаҳолат асло қулоқ осмайди, аксинча уларни қулатади, маҳв қилади. Хиёнат, худбинлик, очкўзлик қайсар кучга айланади. Фидоийлик, эзгулик, аҳиллик эса хўрланади, азоб чекади.

Ўз юртини чинакам севиш учун унинг ғанимларини шунчалик ёмон кўриш лозим. Лекин юртнинг кўкрак кериб кариллаган мулкдорлари бойлик орттириш йўлида ҳар қандай ғаним билан иттифоқ тузишга тайёр эдилар.

***

Тараққиётнинг одимлари бизнинг адолатимизга эмас, ўз адолатига эга, у гоҳо шафқатсизлик билан кўпгина мўъжизаларни ҳам йўқ қилиб юборади, яна аллақанчасини хотирамиз заифлиги учун унутиб юборади.

Хонликнинг маркази бўлган Қўқон шаҳри ўзининг кўпгина афзалликларига эга эди. Умархон даврида экилган маънавият уруғи улғайиб унумли ҳосил бера бошлаган, қанча-қанча олим, шоир, санъаткорлар етишиб чиққан. Ижод ва санъат ўз эгаларини топа олган. Ана шу сабабларга кўра аҳли Қўқон санъатсевар, серзавқ, хушчақчақ, шоиртабиат кишилар бўлиб фаолиятли ҳаёт кечиришар эди. Шаҳар ўша даврларда ўн икки маъмурий бирликка – аминликка бўлинган бўлиб, ҳар бир аминликда ўртача 7-8 тадан маҳалла мавжуд бўлган. Кўчалар туташган жойларнинг марказини – гузар деб аташар, ҳар бир гузарда масжид, мактаб, бозорча, нонвойхона, қассобхона, чойхона ва баққоллик дўконлари, йирик гузарларда меҳмонхона, китобхона, ҳаммом, карвонсарой бўлар эди. Гузарлар ўзига хослиги билан «Исфара гузари», «Қаймоқли гузар», «Нонвойлик гузар» деб номланар, ҳар бир маҳалла ва гузар бир-биридан нимаси биландир фарқ қиларди.Шаҳарда ҳунармандчилик, жумладан косибчилик, тикувчилик, заргарлик кабилар жуда ривожланган. Бозорлар гавжум, савдо-сотиқ гавжум, теварак-атрофдан келди-кетди ва савдогарлар оқими тўхтамас, озиқ-овқат маҳсулотлари бозорларда сотилса, ҳунармандчилик маҳсулотлари расталарда сотилар, товарларнинг турига қараб пойафзал, кийим-бош, газлама расталарига бўлинар эди. Шаҳар аҳолиси асосан ҳунармандчилик, устачилик, савдо-сотиқ билан шуғулланса теварак-атрофдагилар деҳқончилик билан шуғулланади. Шу сабабларга кўра кўпгина маҳаллалар аҳолининг машғулотига қараб – «Мисгарлик», «Дегрезлик», «Калвак», «Парпашабоф», «Галабаққоллик» деб аталар. Тарихий ёзувларга кўра Қўқонга кўпгина узоқ ўлкалардан ҳар хил гуруҳлар кўчиб келиб, ўрнашиб қолишган. Шу сабабга кўра баъзи маҳаллалар атамаси ўша воқеа ва уруғлар номи билан юритилади. Масалан: «Урганжибоғ», «Афғонбоғ», «Хўжанд» ва ҳоказо. Шаҳри Қўқон атамасига келсак бу ҳақдаги фикрлар турлича «Хувақанд», «Хавоканд», «Хўк канд», «Хўқанд», яъни – шамол шаҳри, ўйдим-чуқурлик, латиф шаҳар, тоғли жой ва бошқалар. Манбалардаги латиф сўзига кўпроқ урғу берилишига кўра – иқлими мўътадил, ҳавоси тоза, суви чучук ва аҳолиси одобли, хушмуомала, нозиктаъб, шеърият ва мутоибага дидли, ҳозиржавоб ва меҳмондўст.