Ижод, бу фикрлаш, фикрлаш эса илоҳийдир. Мен эркин фикрлаб, эркин таҳмин қилиб, ҳужжатлардан фойдаланиб яратган баъзи бир мисраларда хатоликка йўл қўйган бўлсам сизлардан узр сўрайман.
Биз ўша даврнинг қиёфасини, реал жараёнларини тасаввур қила оламизми? Қиламиз, лекин тўла эмас. Ҳар биримиз ўз савиямиз ва билимимиз даражасида. Билимимиз, савиямиз эса ҳар хил, шунинг учун ўтмиш ҳақидаги тасаввурлар хилма-хил, ранг-баранг ва баҳсли. Шундай бўлиши керак, шундай бўлиши фойдали. Демак ўтмиш қиёфасини тиклаш учун жуда кўп ўрганиш лозим, чунки тараққиёт тинмай одимлайди. Одамлар, анжомлар, табиат ҳатто ўтмишдаги сўзлар ҳам ўзгариб боради. Ўтмишни яқинроқ билиш учун ўзгариб борувчи инсониятни, табиатни, иқлимни ҳатто урф-одатларни, санъат ва маърифатни, кийим-бошдан тортиб, нималарга эга эканликларини билишимиз керак.
Ҳар бир давр бизларни тараққиётнинг маълум поғонасига элтиб, сўнгра ўтмишга айланади. Мавжуд кишиларга ўша тараққиётнинг энг юқори нуқтасидан туриб фикр юритиш имконияти бор. Лекин биздан юқорига кўтарилиш келажакка насиб қилади холос. Ўтмишнинг нуқсонларини кўра олиш мумкин, келажакнинг нима нуқсонларга йўл қўйишини билиш қийин. Инсониятнинг мақсади юқорилаш, қуйи тушиш эмас.
Биз ушбу асаримизда Қўқон хонликлари давридаги миллатимизнинг, юртимизнинг ўзига хос жиҳатларини имконият даражасида ёритиш, у давр бизлар билан қандай бошланиб, қаерда ва қандай хайрлашди, нималарни туҳфа қилиб ва яна нималарни юлиб кетди. Қандай хайрли ишлар қилиниб, нималар амалга ошди, уларнинг жафокашлари кимлар эди. Худди шу каби эзгуликка кимлар раҳна солди, миллатнинг ғурурини топтаган, унга зулм қилган аблаҳлар кимлиги ҳақида сўз юритамиз. Ўтмишнинг ноқис асоратларини даволаш билангина бахтли келажакка эришиш мумкин.
Бир вақтлар хонлар тўғрисида ижобий фикр билдириш мутлақо мумкин эмас эди. Уларни қонхўр, зулмкор қилиб кўрсатиш ва у даврларда мутлақо адолатли ишлар бўлмаган деб таърифлаш талаб қилинарди, айни чоғда баъзи ижодкорлар ўша хон ёки султонларни осмону фалакка кўтариб мақтамоқдалар. Бу икки хил усул ҳам тўғри эмас. Биз ўтмиш кишиларини ким бўлишларидан қатъий назар, қандай бўлган бўлсалар шундай таърифлашимиз лозим. Фақат шундай қилсаккина келажак учун фойдали ва ибратли бўлади.
Афсуски, кўпгина замонларда айрим кишиларнинг лоқайдлиги ёки худбинликлари оқибатида анча-мунча жараёнлар ёритилмай қолади ёки бузиб кўрсатилади. Бундай ноқислик чинакам гўзалликларни бузиб кўрсатади, аксинча кераксиз ишлар муболаға қилинади.