Бундай нодонлик оқибатида келажак учун зарур бўлган қанчалик улуғ ишлар изсиз йўқолиб кетади, бизлар учун ўша ишлар атрофидаги муболағалар, афсоналар, ривоятлар етиб келади. Ҳар бир давр келажак учун масъул эканини билмай яшаши жиноятдир. Ўтмишнинг мавҳум асоратлари албатта келажакка маълум миқдорда ўз таъсирини кўрсатади. Адашиб қолмаслик учун ўтмишни чуқур ўрганиб тўғри ёритишдан бошқача йўл йўқ. Қўқон хонликлари тўғрисида ҳужжатли ва бадиий асарлар талайгина ёзилган, кўплаб илмий ишлар ва диссертаўиялар ёқланган. Унчалик кўҳна, унчалик узоқ бўлмаган бу давр менимча яхши ёритилмаган, баъзи бир тадқиқотчилар нотўғри йўлдан юрганлари ҳам аниқ. Тарихий-ҳужжатли асарлар ҳали жуда кўп ёзилиши лозим, айниқса улар бадиийлик шарбати билан суғорилиб, ўша воқеа-ҳодисаларнинг сабаб ва оқибатларини тўғри ёритмоқ жуда-жуда зарур. Хонликлар даври ўтмишимиз, тарихимизнинг бир қисми бўлгани учун ҳам ўша даврларни билишга, ўрганишга масъулмиз, шу заминда яшаганимиз учун янада.
Хурматли ўқувчи, мана биз неча хил китоблар ва қанча-қанча ҳужжатлар яна қанча эскириб чанг босган ёзувларни титкилаб, тарихимизнинг бир лавҳасини акс эттирдик. Ана шу қисқагина ёзувлардан маълумки, биз яшаб турган заминда боболаримиз, момоларимиз нақадар мураккаб, заҳматли баъзан даҳшатли йўлларни матонат ва ишонч билан босиб ўтганлар. Бу ватаннинг келажагини, яхлитлигини таъминлаш учун қанча тер ва куч-ғайрат сарфлашган, қон тўкишган, жон беришган. Биз бу бўстонни янада обод қилишимиз, чаманзору боғу бўстонларни, яшиллик салтанати-ю жонивор оламини, сайроқи қушлару булбулларини, шўх оқар жилғалари-ю анҳорларини асраб авайлашимиз лозим. Мамлакатимиз олимлар, донолар, фидоийлар юртига айлансин. Менинг ба асарим юксак илмийликка ҳам бадиийликка ҳам даъвогарлик қилмайди, қизиқарли саргузашт ва ҳикоялар билан безаганим ҳам йўқ. Энг зарур керакли китоблар ва ҳужжатлар асосида ўз мулоҳазамни қушиб, қисқагина ўша даврни ёритишга ҳаракат қилдим. Бу асарни кичик бир қўлланма деб қабул қилишларингни хоҳлайман. Қайсидир дўстларимиз зикр қилинган бу даврни кенгроқ ёритиб мукаммал асарлар яратишади деб умид қиламан. Қанақадир хатолик ёки чалкашликка йўл қўйган бўлсам, олдиндан узр сўрайман. Бу асар мукаммал илмийлик ёки бадиийликка даъвогарлик қилмайди.
Вақт ўтиши билан кимларнидир манфаатига мослаб тарихни ўзгартириб ёзиш каби бузғунчиликлар учраб туради. Бундай мудҳиш хатолик кўпинча юртимизнинг гўзал кишилари қиёфасини бузади, аксинча қайсидир бадбашара кимсани улуғлаб юборади. Мен ана шундай ноқисликдан эҳтиёт бўлиб қалам тебратдим.