– Шу чоққача менинг илтимосимга бирорта ҳукмрон эътироз қилмаган эди.
– Илтимосингиз юрт манфаати учун зарарли, шунинг учун биз рухсат бермаймиз.
– Аттанг, яхши иш бўлмади, бизнинг ранжиб қолишимиз худога хуш келмас.
– Шайх жаноблари худога нималар хуш келишини билмайдиганга ўхшайдилар, барчамизнинг эзгу мақсадимиз юртга фидоийлик холос, сизнинг ниятингиз артофингизга муридлар тўплаш холос. Энди жавоб айланг, қай биримизнинг ниятимиз эзгуликка яқин.
– Мен ўз фикримдан асло қайтмайман.
– Яхшиям сизнинг бахтингизга мен ўзимни бошқара оламан, акс ҳолда хонларнинг жаҳлини қўзғаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяр эдим. Энди жўнанг, акс ҳолда ўзингизга жабр қиласиз.
Хондан рад жавобини олган шайх Мулла Охунд жаҳлини боса олмай, Қоровултепа деган қишлоқдаги бир муридининг уйига кириб борди. Деворга Шоҳруҳхон тасвирини чизиб, бир нарсаларни узундан узоқ пичирлаб суратга қарата камондан ўқ уза бошлади. Яна аллақандай бақир-чақирлар қилиб ниҳоят чарчаб ўтириб қолди. Хонадон эгасини чақириб Шоҳруҳхон тез кунларда вафот этишини айтиб, зудлик билан ўз юртига жўнаб кетди.
Бу хабарни хонга етказишганида у жилмайиб қўя қолди:
– Менинг жонимни Азроил Оллоҳнинг амри билан олишини Мулла Охунд билмасмикин?
Бу воқеа одамлар ичида ҳар хил шов-шувлар ва уйдирмалар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Авлиёликни даъво қилган Мулла Бозор Охунд хон ҳақида аллақандай бўлмағур гаплар тарқатиб, унга ғойибдан ўлим тиларди. Муридлари билан тил бириктириб оддий кишиларни ишонтиришга эришар эдилар.
Кам гапириб, диққат билан тинглаш Шоҳруҳбийнинг гўзал фазилатларидан бири эди. У бировнинг гапини бўлмас, танбеҳ ҳам бермас ва албатта ўз фикрини жуда равон ва тушунарли қилиб ифодаларди. Ваъзхонлик қилиш ва насиҳат сўзларини айтишдан ўзини тияр эди. У уч ўғил (Абдураҳимбек, Абдулкаримбек, Шодибек) кўрган бўлиб, гоҳо улар билан суҳбатлашар, ҳазил-мутойибалар қилиб эркалар, совға-салом билан сийлаб қувонтирар эди. Бугун ўзининг ҳар қачонги одатини тарк этиб, юрагида тугиб юрган фикрларини айтишга азм қилган эди.
– Ўғилларим, вақти-соати келиб сизлардан бирингиз хон бўласиз, – деди у бироз маъюс қиёфада. – Эҳтимол бирин-кетин уччалангизга ҳам бу олий мансаб насиб қилар. Лекин тахтга ўтириш бирваракай икки кишига насиб қилмайди. Қайси бирингиз хон бўлсангиз, қолганларингиз хоннинг оғалари бўласизлар, бу ҳам катта бахт, қувончли ҳаёт кечириш имкониятидир. Асло бир-бирларингга душманлик қилманглар. Акс ҳолда бегоналар қўлида ҳалок бўласизлар. Юрт ожизланиб қолмаслиги учун тахт соҳиби қудратли шахс бўлиб, даъвогарлардан кўп жиҳатдан устун бўлиши, ўз оғалари билан бўлган зиддиятни ақл билан адолатли ҳал қила олиши керак. Энди ҳукмрон қандай бўлиши лозим, қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида ўз фикрларимни айтиб қўймоқчиман.