Абдулкаримхон ибн Шоҳруҳхон, Худо берган бир (улуғ) Мир эди.
Ўн саккиз йил ҳукумат сўргандан сўнг, Ғайбдан «Иржи» (қайт) нидосини эшитди.
Вафотининг тарихини билмоқчи бўлсанг, Хирад (ақл) «сар бо қазо» деб айтди.
Қўқоннинг учинчи хони Абдулкаримбийни босиб ўтган қисқача йўли шулардан иборат.
Абдукаримбий ҳукмдорлигининг кейинги йилларида, Ўрта Осиёда, айниқса, Фарғонада сезиларли даражада яна жангу жадаллар бошланди. 1740 йилга келиб Бухоро хонлигидаги иқтисодий ва сиёсий тангликлардан фойдаланган Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ Балҳни босиб олгач, Бухоро томон қўшин тортди. Худди шу пайтда Самарқанд ва Шаҳрисабз музофотларида Абдукаримбийнинг оғаси томонидан тайин этилган ноиблар бош кўтариб, алоҳидалик иштиёқида ажралиб чиқишга интилдилар.
1745 йиллар атрофида Чин (Ўинҳ) – Манжур давлатининг ҳукмдорлари Шарқий Туркистоннниг шимолий ҳудудларига бир неча бор ҳарбий юришлар уюштирди. Шундай юришлар натижасида қалмоқларнинг Жунғор хонлиги қаттиқ зарбага учраб, тор-мор бўлди. Натижада қалмоқ кўчманчиларининг бир қисми Шимолий Ғарбга йўналиб, қозоқларнинг Кичик ва Ўрта Жуз хонликларини босиб олди, иккинчи қисми Ғарб томон юриб, Фарғона томонга юриш қилди. 1746 йилда Марказий ва Жанубий Тян-Шон ҳудудларида истиқомат қилувчи қирғиз уруғлари ерини босиб олди.
Қуллик асоратига тушиш хавфидан сақланиб қолиш умидида қирғиз уруғлари ёппасига Фарғонанинг чўл ва тоғ этакларига кўчиб ўтишга мажбур бўлдилар. Ўз навбатида бу воқеалар янги зиддиятлар келтириб чиқарган бўлсада, қалмоқларга қарши кураш учун бирлашиш зарурати қирғизлар билан иттифоқ тузишга олиб келди.
Фурсатни тўғри англаган Абдукаримбий қалмоқ ойротларига қарши биргаликда курашиш шартномаси тузиб, қирғизларнинг водийдаги чўл ҳудудларида жойлашишларига рухсат берди.
Туйқусдан ҳужум уюштирган Жунғор қалмоқлари ўзларини мустақил ҳисоблаб келган Наманган ва Чуст бекларини бир зарбадаёқ тор-мор этдилар ва Хўқанд сари йўл олдилар. Бундай нохуш воқеадан хабар топган Абдукаримбий уларга қарши Қипчоқ Бачча қўмондонлиги остидаги қўшинни юборди. Лекин қўшин енгилиб қўмондон ўлдирилади, жангчилар пароканда бўлиб ҳар томонга қочиб кетадилар. Қалмоқлар юришда давом этиб, Хўқанд остоналарига яқинлашиб қоладилар.
Жуда хавфли вазият вужудга келган эди, буни тўғри тушунган миллат ва элатлар Қўқон хонлиги атрофида жипслаша бошладилар. Теварак-атрофдан ёрдамга қўшинлар кела бошлади. Айниқса, қирғиз ўғлонлари ва Ўратепа доруғаси Фозилбийнниг лашкарлари ёрдамга шошилди. Абдукаримбий бошчилигидаги Хўқанд остонасида бўлган жангда қалмоқлар қақшатқич зарбага учраб чекинадилар, йўналишларини шимолга буриб, Тошқандни (Тошкент) босиб олдилар. Бундай улкан муваффақият ва вазиятдан тўғри фойдаланган Абдукаримбий Наманган ва Чуст устига қўшин тортиб, ўзбошимча бек ва бекзодаларни жазолайди. Бу ерларни хонлик ерларига бутунлай қўшиб олади. Абдукаримбийнинг тўғри саъй-ҳаракатидан мамлакат яна ўзининг яхлит ҳолига қайтди.