Ўзлик сари етти қадам - страница 15

Шрифт
Интервал


Ҳар бир одам, ҳайвон ёки ўсимлик – бу дунёда бор-йўғи бир зарра. Аммо ана шу миллиардлаб зарралар хоҳишига қараб дунё ўзгариб боради. Ана шу зарраларга дунёни ўзгартириш қудрати берилган. Энг майда вируслардан тортиб, уммондаги улкан китларгача дунё шаклланишига ўз ҳиссасини қўшади.

Ҳар бир жонзотнинг ўз аҳди бор. Ҳар бир организмнинг ўз мақсади бор. Егулик топиш, ҳимояланиш, насл қолдириш ва бошқа кўплаб мақсадларни кўзлаб табиат фарзандлари атроф-дунёни ўзгартирадилар.

Биз ўсимликларни ҳар қандай ҳиссиёт ва ички кечинмалардан маҳрум мавжудот деб ҳисоблашга кўникканмиз. Тўғри-да – улар мева ёки дон тугиб бизни боқиш, поялари чорвамизга ем бўлиши, таналари бизга иссиқлик ёқилғиси бўлиб хизмат қилиш учун яратилган. Гулзордаги гуллар, ўрмондаги дарахтлар, даладаги экинлар, боғдаги мевалар – улар нимани ҳам ҳис қилиши мумкин. Уларда қандайдир туйғулар бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гап жуда кулгили эшитилади.

Уни қарангки, ўсимликлар ҳам қўрқув, ҳаяжон, севиниш каби туйғуларни ҳис этар экан. Улар ҳатто севишга қодир десам нима дейсиз? Ишониш қийин-а? Аммо бунинг илмий исботлари бор.

Америкалик олимлар оддий тажрибада ўсимликлар ҳақида кўп нарсаларни кашф этишди. Улар маккажўхори танасига жуда кучсиз электромагнит тўлқинларни ўлчайдиган асбобни улаб қўйишган. Бир ҳафта давомида ўсимлик ўсаётган хонага навбат билан икки ёрдамчи киритилган. Бири ўсимлик билан жуда мулойим муносабатда бўлган, майин мато билан унинг баргларини тозалаб турган, унга сув қуйган ва ширин гаплар билан эркалатган. Иккинчиси ҳар сафар хонага қайчи кўтариб кирган, ўсимлик баргларини қирқиган, унга қўпол муносабатда бўлган, ёқимсиз гаплар гапирган.

Тажриба сўнггида олинган натижалар ҳаммани ҳайратга солган.

Жўхори ўсаётган хонага меҳрибон ёрдамчи кирганда, ўсимлик танаси хотиржам нурланиш таратган. Қаровчи уни эркалатганда эса, ўсимлик таратаётган электромагнит тўлқинлар бир маромга келган ва яна-да текислашган.

Аммо хонага қайчи кўтарган тажрибачи кирганда, ўсимлик уни дарҳол таниган, унинг танаси нотинч электромагнит тўлқин чиқара бошлаган. Қаровчи унинг ёнига қайчи билан яқинлашганда эса, жўхори қичқириққа ўхшаш кучли тебраниш билан муносабат билдирган.

Жуда ажойиб-а? Ўсимликларнинг ҳам эслаб қолиш, муносабат билдириш, ҳадиксираш ва қўрқиш қобилиятлари бор экан. Бунга бошқа кўплаб илмий далиллар келтириш мумкин.