Ўзлик сари етти қадам - страница 2

Шрифт
Интервал


Нимага дейсизми? Чунки агар сиз мен баён қилмоқчи бўлган нарсаларни эшитишга тайёр бўлмасангиз, бунга руҳий ва шахсий кучингиз етмаса, китоб сизга фойдадан кўп зарар етказиши мумкин. Бу ҳақида огоҳлантирмасликдек масъулятсизликка менинг ҳаддим сиғмайди.

Агар гапларим сизда ҳеч бир безовталик уйғотмаган бўлса – унда сиз сирлашишга тайёрсиз. Ҳа-ҳа – биз айнан сирлашамиз. Китоб сизга жуда кўп сирларни очади. Аммо сиз ҳам бунга жавобан энг яширин сирларингизни китобга тўкиб солишингиз керак бўлади. Ахир, сирлашиш бир томонлама бўлмайди-ку.

Мутолаа давомида сизга баён гўё фикрларингизни ўқиётгандек – айнан сиз ўйлаган нарсани айтаётгандек туюлиши мумкин. Аммо бу сизни ташвишга солмасин. Китоб сизнинг фикрларингизга бостириб кириб, хаёлларингизни ўғирлагани билан, у ҳеч қачон ҳеч бир сирингизни бирор кимга сотиб қўймайди. Чин сирдош ана шунақа бўлади.

Сиз билан сўзлашиш услубим жиддийликдан ҳоли, енгилтак бўлиб кўринмасин – жиддийлик ҳеч қачон самарали қурол бўлмаган. Сизга бу китобда айтадиган гапларим – менинг юрагимдан чиққан. Юракдан чиққан гаплар мана шунақа енгил, ҳаммага тушунарли ва зарқоғозга ўралмаган бўлади. Сиз билан бизни дилдан суҳбат кутяпти. Сиз ҳам бу суҳбатда фақат қалбингиз билан сўзлашишингизни истардим…

Хўш, бошладикми?

Бошладик

Дунё яралибдики, одамзот бахтни излайди. Аммо, негадир, ўзини бахтли деб рост гапирадиганлар жуда кам. Жуда ғалати – одам ер остидаги темир рудаси ёки табиий газ заҳирасини топишга бир кун сарфлайди-ю, бахтни излаб топишга бутун тарих ҳам етарли эмас. Балки, биз нотўғри излаётгандирмиз-а? Бошқа усулда излаб кўрсакмикан? Ундай деса, кўплаб манбаларда бахтга эришишнинг минглаб йўллари келтирилган – лекин бундан бахтлилар сони кўпайгани йўқ. Биз бахтни нотўғри ердан излаётган бўлсак-чи? Бунга ҳам қарши далиллар бор – ҳар хил одам бахтни ҳар хил ердан излайди, аммо ҳаммаси ҳам топавермайди. Балки, бахт деган нарсанинг ўзи йўқдир? Бунга ишониш ҳаммасидан қийин – оддий инсоний бахт ҳам мавжуд бўлмаса, бу дунёнинг мукаммаллиги қаерга боради?

Бахтга интилишнинг хато йўлидан боришимиз рост. Бахтни излаш усулимиз чиндан ҳам нотўғри – айнан, излашимиз нотўғри. Буни қарангки, бахтни излаш керак эмас экан – уни кўзлаш, мўлжаллаш, кутиш, у учун курашиш, унга қурбонлар келтириш ҳаётнинг энг бахтсиз кўриниши экан аслида.