– Сирдош, сизга ажойиб саволим бор.
– Хўш-хўш?
– Сиз кимсиз?
– Бу нима деганингиз?
– Яъни сиз «мен» деганда кимни назарда тутасиз?
– Ўзимни. Мен – Сирдошман.
– Демак, сиз – бу сизнинг исмингиз экан-да?
– Фақат исмим эмас. Мен кимнингдир фарзанди, кимнингдир дўсти, кимнингдир севгани, яна кимнингдир душманиман.
– Демак, сиз – бу сиз кимгадир нисбатан тутган ўрнингиз, ролингиз экан-да?
– Шунақа деса ҳам бўлади. Яна мен романтикман, шоирман, бир оз дангасаман, қизиққонман – хуллас, ҳар хил фазилат-у камчиликларга эга оддий одамман.
– Туғилишингиздан аввал ҳам ўшандай оддий одам эдингзими? Ўлимдан сўнг ҳам худди шундай бўлиб қоласизми?
– Билмадим…
Бу суҳбатни тўлиқ ёзадиган бўлсам – битта китобга сиғмайди. Лекин айнан «Мен кимман?» деган саволга қай даражада аниқ жавоб бера олишимиз ҳаётимизда муҳим ўрин тутади.
Қадим замонлардан буён буюк мутафаккирлар одамзотнинг бу дунёда тутган ўрни ҳақида бош қотириб келган. Бирлари йиллар давомида табиат ва жамиятни кузатиб, одамзот бу улкан оламда атиги бир зарра эканини англаб етишган. Бошқалари одамзотни бутун дунёни ўзгартиришга қодир мавжудот эканига яққол далилларга дуч келишган. Хўш, улардан қай бири ҳақ?