Биринчи ҳолатда аёл миясида совуқликни сезиб, унга реаксия берадиган ҳужайралар кенгайган – яъни аёл ростдан ҳам яхдек сувни сезган. Иккинчи ҳолатда эса аёл бармоғи сувга тегиши билан уни тортиб олган – аёл оғриқни сезган ва бармоғини куйдириб олганига ишонган…
Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Аммо буларнинг бари нимадан далолат беришини англаш – ҳаммасидан ҳам қизиқарли.
Сиз – бу сиз ишонган ҳақиқатлар жамламаси. Сиз ўзингизни ким деб билсангиз – танангизни ташкил қилган ҳар бир квант шунга монанд ҳаракат қилади. Сиз ишингизни билиб қилишингизга ишонсангиз – демак, сиз ишбилармонсиз. Сиз унча-мунча касалликларга қарши тура олишингизга ишонасизми – демак, сиз соғлом ва тетиксиз. Сиз ўз иммунитетингизга унча ишонмайсизми – демак, сиз мудом беморсиз. Сиз омаднинг ортидан қувасизми – демак, сиз шундоқ ҳам омадли эканингизга ишонмайсиз, омадни тутиб олишим керак деб ўйлайсиз ва омадсиз ҳаёт кечираверасиз. Сиз тўғри маслаҳатлар бера олишингизга ишонасизми – демак, сизга қулоқ тутадиганлар талайгина. Ва ҳоказо, ва ҳоказо.
Сиз – бу сиз ўзингиз ҳақингизда тасаввур қилган шахс. Фақат сиз бу тасаввурингизни шубҳа-ю ишончсизлик билан булғаб қўясиз. Сиз учун ҳаяжонли ҳолат бўлганда ҳаяжонланишга, хафа бўлиш керак бўлган ҳолатда хафа бўлишга программалаштирилгансиз. Буни тан оласизми йўқми – сиз жамият ва ўзингиз сиз учун тузиб берган дастурлар жамламасидан бошқа нарса эмассиз.
Аммо бу ҳолатни ўзгартириш мумкин. Бунинг учун бир оз очиқ фикрлилик ва сабр талаб этилади. Сабр сизга аввалига керак бўлади – кейинчалик ўзингиз ҳақингизда янги кашфиётлар қилишга шу даражада қизиқиб кетасизки, сизда бунга иштиёқ пайдо бўлади. Иштиёқ бор жойда эса сабрга ҳожат йўқ.
Мен сизга аввалги бўлимда келтирганим – сизнинг шахсиятингизга берилган юзаки таъриф эди, холос. Келинг, энди чуқурроқ кириб кўрамиз.
Ҳар бир шахсият бир-бирини тўлдириб турадиган икки дунёдан иборат. Уларнинг иккиси ҳам ташқи кўринишдан сизга жуда ўхшайди – бу маънода улар эгизак. Аммо уларни астойдил ўргансангиз – улар бир-биридан тубдан фарқ қилишига амин бўласиз.
Қанақа мужмал нарсалар ҳақида гапиряпти деб ҳайрон бўляпсизми? Бироз сабр қилинг – мен сизга бу икки эгизак дунёнинг яралиш тарихини айтиб бераман. Шунда ҳаммаси ойдек равшан бўлади.
Жуда кўпчилигимиз болаликдан эшитиб келган бир ҳикоя бор. Бу, албатта, Тангри инсонни яратгани ҳақидаги ривоят. Мен сизга айнан шу ҳикоятни эслатмоқчиман – фақат эътибор беринг.