Ҳа, айтганча – сизга иш бошиданоқ бир сирни очиб қўймоқчиман (сир айтишни ҳар сафар мен бошлаганим маъқул): сиз китобга айтадиган сирларингизнинг кўпчилиги аслида сир эмас, кўпчиликка маълум нарсалар. Яна ҳам қизиғи, сиз ҳақиқат деб билган кўп нарсалар аслида унчалик ҳам ҳақиқий эмас. Майли, олдинлаб кетмай – ҳамма нарса бир бошидан айтилгани яхши.
Хўш, ўзлигимиз сари навбатдаги саёҳатни бошладикми?
«Атиргул айтади очиламан деб,
Чиройлилар чаккасига санчиламан деб,
Чиройлилар чаккасига санчилиб бўлиб,
Бевафолар оёғида янчиламан деб,
«йнанг, қизлар, ўйнанг – кўргони келдик,
Сизлар билан даврон сургони келдик…»
(Тўй лапаридан)
Биз нимага келганмиз? Айнан сиз нимага келгансиз? Давру даврон сургани келганмисиз бу дунёга? Ёки бошқалар ўйнабкулишини кўрганими? Ҳа бу, ҳеч нарса ҳақида ўйламай, маза қилиб яшагани келган бўлсангиз – нима қилиб ўзингизни, ўзлигингизни кавлаштириб юрибсиз? Бу сизга нимага керак?
Ана холос, китобнинг бошланиши ажойибку деб камида ҳайрон бўлаётганингизни билиб турибман. Лекин хулоса қилишга шошилманг – хулосалар учун китоб сўнгида алоҳида бир боб ажратганман, хотирингиз жам бўлсин.
Сиз билан иккинчи суҳбатдан олдин мен сиздан юқоридаги каби саволларга жавоб олиб олишим керак. Бу галги суҳбат мазмуни қандай бўлиши – ёки, умуман, унинг бўлиш-бўлмаслиги кўп жихатдан шунга боғлиқ.
Хўш, ўзлигингиз – ўз шахсиятингизни тўлиқ ёки деярли тўлиқ англаш сизга нима учун керак? Ҳар қалай, буни сизга мен ёки яна кимдир айтгани учун қилмаяпсизку? Бу саволга турлича китобхон турлича жавоб беради. Майли, бошқаларни қўйинг – сиз бунга нима деб жавоб берган бўлардингиз? Баённинг давомини ўқишдан аввал, илтимос, шу ҳақида бир оз мулоҳаза қилиб кўрсангиз…
Албатта, барчамиз бу дунёга шунчаки бахтли бўлиш учун келамиз. «Шунчаки» деб соддалаштиришимга сабаб бахт жуда оддий тушунча деб ҳисоблашимдир. Бироқ бошқалар бошқача ҳисоблайди.
Аввалги суҳбатимиздан маълумки, бахт – бу инсон ўз кўнгли истакларига монанд яшаши. Ҳаётингиз қалбингиз ардоғидаги одамлар ҳамроҳлигида ва кўнглингиз тусаган нарсалар иштирокида кечса – бундан ортиқ яна қандай бахт бор, шундай эмасми? Ҳар ҳолда, мен шундай деб ўйлайман. Бироқ бошқалар бошқача ўйлайди бу борада.
Мана энди данагини ҳам ёриб, мағзига етиб келдик. Агар ҳаёт ўз истакларимизга эришиб, лапар айтганидек даврон сургани бағишланиши керак бўлса, биз энг аввало ўша истакларни аниқлашимиз керак. Мана шу ерда ўз шахсиятини тўғри ва етарлича одил баҳолай олиш қобиляти инсонга жуда аз қотади. Чунки истаклар тўғри аниқлансагина уларга эришиш жараёни ва натижасида одам ўзини бахтли ҳис қилади.