Ўзлик сари етти қадам – 2. Ҳақиқатхон, танишайлик… - страница 8

Шрифт
Интервал


Жахолат – ўзидан кўпайиш хусусиятига эга. У одам атрофидаги жараёнларни сергак баҳолай олмаслигига сабаб бўлибгина қолмай, одамнинг шахсий ўсишига хизмат қилиши мумкин бўлган илмларни ундан нари тутишга интилади.

Айнан шунинг таъсирида биз илм манбаининг «сифатини» аниқалшга ҳаракат қиламиз. Тўғрида – ҳар ким айтган гапни илиб кетавермайдику одам деган. Йўқ – илиб кетавермасин, ахир, унга фаросат, мантиқ шунчаки совға қилинмаган. эшитсин, кўрсин, таҳлил қилсин, ҳаётга солиштирсин – кейин хулосасини чиқараверсин. Аммо кўп ҳолатда бизга келаётган билимнинг манбаи арзимас туйилгани учун, ундан олдиндан юз ўгирамиз.

«Фалончи жуда маънили гапларни айтибди» – «Ким экан ўзи у?» – «Аниқ билмайман, аммо ёшгина – ҳали ўттизга ҳам кирмаган» – «Ҳа, ҳали муштдек бола экан, қанақа маънили гап гапириши мумкин?» – «Лекин сиз бир эшитиб кўринг» – «Э, қўйинг. Ундан кўра, пири комил Фалоний нима деганини айтинг. Ана шундай кўпни кўрган одамларгина маънили гап айтиши мумкин»…

Бу билим манбаини ёшга қараб ажратишга мисол, холос. Одамлар ихтиёрида илминг «нави» қандайлигини аниқлаш учун бошқа кўплаб мезонлар бор: ирқ, миллат, эътиқод, насл-насаб, жинс. Аслида эса илмни ҳар ким ва ҳар нарсадан ўрганса бўлади. Мен кўп нарсани табиатдан – ўсимликлар, ҳайвонлар, табиатдаги турли жараёнларни кузатиб, уларнинг асл моҳиятини англашга ҳаракат қилиб ўрганаман. Шунинг учун фикрларимни асослашда табиатдан мисоллар тез-тез учрайди. Шунингдек, мен ҳеч бир айирмачиликсиз турли одамларни кузатаман, уларнинг мақсад ва интилишлари, ҳаётий фалсафалари ва муаммолари билан қизиқаман.

Кимдир менга «китобларингизда айтаётган ҳамма тамоилларга ўзингиз амал қиласизми?» деб савол берди. Мен, табиийки, «йўқ» деб жавоб бердим. Ўша одамнинг мендан кўнгли қолди. Мен ҳайрон бўлдим – ўқувчилар мендан нимани кутаётганини тушунолмай ҳайрон бўлдим. Муҳимликнинг зиёни ҳақида шунча гапирсам ҳам, одамлар шахсий муҳимлик туйғусига эргашаверганига ҳайрон бўлдим. Агар мен айтганларимнинг ҳаммасига амал қилсам – одам эмас, мукаммал мавжудот бўлиб қоламан. Мен ҳам фазилат ва нуқсонлардан иборат оддий одамман. Агар айтаётган тамоилларининг ҳаммасига амал қиладиган мавжудот ёзган китобнигина жиддий қабул қилишга – фақат ундан илм ўрганишга аҳд қилган бўлсангиз, қўрқаманки, илмсиз ўтиб кетасиз. Шахсий муҳимлик туйғуйингиз оддий одам улашмоқчи бўлган илмни сизга раво кўрмаса… мен бу борада бир нима дейишдан тийинаман, холос.