«Борсам-у, аттор Саттор уйида бўлса-ю,
доруси бўлмаса-чи?..»
(«Тошкентга саёҳат» спектакльидан)
Навбатдаги эртакни эшитишга тайёрмисиз?
Қадим-қадим замонда Юнонистон томонда бир бадавлат одам бўлган экан. Унинг якка-ю ягона ўғли бўлиб, унга бор меҳрини бериб катта қилар экан.
Ўғил ҳар нарсада комил экан-у фақат бир камчилиги бор экан: у ҳар доим ҳар ишда иккиланаверар экан. Шу одати туфайли у йигирма ёшга тўлгунча ҳам ҳеч бир касбнинг бошини тутмабди. Чунки шу пайтгача ҳеч бир касбни танлай билмабди.
Ташвишга тушган отаси уни уйлантириш йўли билан тартибга солмоқчи бўлибди. Зора шундан сўнг у қарор қабул қилишни ўрганса деб умид қилибди. Ота-она ўғилларига шаҳардаги энг гўзал икки қизни таклиф қилишибди. Ўғил иккисини ҳам ёқтирибди. Ва унинг доимий одати яна ўз сўзини айтибди.
Беш йил ўтибди ҳамки, йигит ҳеч бир қарорга кела олмабди. Лекин шунча пайт икки қизни ҳам умидвор қилиб юраверибди. Аммо бир куни қизларнинг тоқати тоқ бўлибди. Улар гўзаллик маъбудаси ҳузурига бориб, иккисини ҳам алдаб юрган йигит устидан шикоят қилишибди.
Икки гўзал қизнинг ҳусни-жамолини қадрсизлантиргани учун бу йигитдан гўзаллик маъбудаси қаттиқ ғазабланибди. Олифта йигитнинг қилмиши боис беш йил умрини йўқотган икки қизга ўша беш йилни қайтариб бериб, уларни беш ёшга ёшартириб қўйибди. Беқарор йигитни эса қаёоққа боришини билмай иккиланаётгандек у ёқдан бу ёққа тебраниб юрадиган қўлсиз-оёқсиз маҳлуққа айлантириб қўйибди.