Инсон ўзлигини англаши – олий бахт. Лекин ана шу олий бахтга эришишда бизга тўсқинлик қиладиган омиллар борки, уларни яхши танимай туриб, кучли шахс бўлиш қийин.
Кучли шахс эгаси бўлишнинг якуний мақсади – шахсий эркинликка эришиш. Кўпчилигимиз ўзимизни шундоқ ҳам эркин шахслар деб биламиз. Аммо бизни фикрлашимизда, ҳаёт ва ўзимизга муносабатимизда чеклаб турувчи омиллар бор. Улар ички (ёки психологик) ва ташқи (ёки ижтимоий) чекловлардир.
Психологик чекловлар, ўз номи билан психологик: улар одамнинг ақлида қўним топган бўлиб, йиллар давомида тарбия ва дунёқараш натижасида шаклланади. Ўз имкониятларига шубҳа билан қараш, ўзини у ёки бу ишга қодир эмасман деб ҳисоблаш кабилар ички чекловлардир.
Ташқи чекловлар – одам яшаб турган жамият ва табиий шароит хусусиятларидан келиб чиққан чекловлардир. Ижтимоий андозаларга тобелик, модага тобелик, пулга тобелик ана шулар жумласидан.
Энг катта тобелигимиз – албатта, пулга тобеликдир. Ким молиявий муаммолардан ҳолиман деб айта олади? Биз ҳар қандай олди-бердилар пул орқали амалга ошириладиган муҳитда яшаймиз – бунда пулга тобе бўлмаслик иложсиз туюлиши мумкин.
Пульсиз кўчага чиқишни истамаган вақтларингиз бўлганми? «Ҳар эҳтимолга қарши» бўлса ҳам киссамизда қанчадир пул бўлади бари бир. Лекин ҳаётда ҳар нима бўлиши мумкин. Пулингизни йўқотиб, оғир вазиятда қолсангиз, ундан чиқиб кетишга шахсий кучингиз етадими? Бегона одамдан ёрдам сўрашга ҳаддингиз сиғадими?
Ҳаммамиз ҳавас билан томоша қиладиган шпионлар ҳақидаги филмлар қаҳрамонлари – эркин шахс эгаларидир. Улар ҳар қандай вазиятдан чиқиб кета оладилар. Бунда уларга юқори даражадаги тайёргарликлари ёрдам бермайди (одамни ҳаётда учрайдиган ҳамма вазиятга олдиндан тайёрлаб бўлмайди). Уларнинг сири – шахсий эркинликда. Улар жуда кўп ижтимоий ва психологик тобеликлардан қутулишган. Жеймс Бондни пул ташвиши қийнаётганини, ёки у ўзига ишонмаганидан бирор ишни қилишга ҳадди сиғмаётганини, иккиланаётганини тасаввур қилиш қийин. Бондни бизга қаҳрамон қилиб кўрсатган жиҳат ўткир зеҳн, жисмоний қувват ёки чиройли ташқи қиёфа эмас – шахсий эркинликдир.
Бизни тобе қилишга қаратилган омиллар жуда кўп. Биз бошқалар фикрига тобемиз, ижтимоий андозаларга тобемиз, ўз қўрқув ва шубҳаларимизга тобемиз, ижтимоий ва иқтисодий шароитга тобемиз. Бу чекловлар бизни ҳатто олдимизга мақсад қўйишда ва уларга интилишда ҳам кўп нарсадан маҳрум қилади.