Ҳаётда мазмун йўқ деган таъкидимни кимдир мақсадсиз ҳаётдек тушуниши мумкин. Яшашдан мақсад бор – бу бахтли яшаш. Бизнинг ҳаётимиз мазмунли бўлиши керак эмас – бахтли бўлиши керак. Аслида аҳамяти нольга тенг ҳаётга мазмун бағишлашга интилиш муҳимликдан келиб чиқади ва бизни кўнгил хотиржамлигидан айиради.
Ҳеч эътибор берганмисиз: «мазмунли» ҳаёт тарзини юритганларнинг ҳар доим душмани бўлади. Бунга сабаб нима деб ўйлайсиз? Нега мазмунли ҳаёт яшашдек олий йўлдан бораётганларга қарши чиқувчилар кўп бўлади? Ҳасадгўйлар кўпмикан дунёда шунчалик?
Гап ҳасадда эмас. Гап «мазмунли» ҳаёт эгасининг муҳимлигида. У тўғри яшаш тадбирига қанча катта аҳамят берса, атроф мувозанатни шунча бузаверади. Мувозанат бузилишига эса атрофдагилар, табиийки, қаршилик билан жавоб қайтаради.
Мен юқоридаги таъкидларим билан одам илм излашдан қайтиши керак демоқчимасман. Илм бизнинг шахсий ўсишимизга хизмат қилади. Фақат бунда мазмун топишга уринмаслик керак.
Қайтанга, қанча кўп нарсани билсак, бу дунёда тутган ўрнимизни шунча яхши англаб борамиз. Бу эса бизга атроф дунё билан келишиб яшашга, ҳаётни мазмун учун курашга айлантирмасликка имкон беради.
Атроф-дунёни ўрганинг, ёввойи табиатдаги ҳаётга қизиқинг. Ўз танангиз, онгингиз ва қалбингиздаги жараёнларни тушунишга, уларга тўғри баҳо беришга интилинг. Бу интилишларингизга муҳимликни аралаштирманг – токи у ҳар нарсадан мазмун излаб, ишнинг белига тепмасин.
Динёдаги ҳар қандай жонзот ҳаётини ҳурмат қилинг, табиатни севишни ўрганинг. Табиат – ҳар қанча меҳрга арзийдиган гўзаликка эга. Унинг ақлни шоширадиган мўжизалари жуда кўп. Дунёга «инсонийлик ғурури» деган шоҳсупа устида туриб назар ташлаганлар табиатнинг ҳар қандай гўзаллигидан маҳрумдирлар.
Инсоний манманлик – яхши-ёмон ҳақидаги ёлғондан куч олади. Энди сиз бу ёлғондан – бунинг ёлғон эканидан бохабарсиз. Шундай экан, ғурур ва манманлик шахсиятингизни ожиз қилишига, кўнглингиздаги тинчликка рахна солишига, сизни мазмунли – лекин бахтсиз мавжудотга айлантиришига имкон берманг.