Ўзлик сари етти қадам – 4. Яхши ва ёмон - страница 14

Шрифт
Интервал


Аммо вақт ўтиб, маймунлар ўз қўрқувини енгиб чиқиб, аста-секин дарахтларга тирмаша бошлабди. Улардан баъзилари қўнғир пўстлоқли бир текис ўсган дарахтларга чиқса, бошқалари сариқ пўстлоқли шоҳларини ҳар томонга тарқатиб ўсадиган дарахтларга чиқиб кўрибди. Маймунлар дарахтларда қорин тўйғазсиҳ мумкин бўлган турли-туман меваларни топишибди. Бора-бора маймунлар дарахтларни ўз уйларига айлантириб, ерга деярли тушмайдиган бўлибдилар.

Сариқ дарахтларни макон қилган маймунлар қўнғир дарахтдаги маймунлар билан ҳеч чиқишмас экан. «Бизнинг дарахтлар кенг ва сермева. Уларнинг шоҳлари кўп ва барглари кенг – ҳаммага жой етади. Сизнинг дарахтингизда эса деярли шохлар йўқ – унда яшаш жуда қийин. Сизлар нотўғри дарахтда яшаяпсиз» дейишар экан улар. Бунга қўнғир дарахтларни маскан қилган маймунлар «Тўғри, бизнинг дарахтимиз яшашга ноқулай. Лекин у мустаҳкам ва баланд. Унинг устида биз узоқ-узоқларни кўра оламиз. Устига-устак, бундай баландлик бизни кўп йиртқичлардан омон сақлайди» деб жавоб беришар экан. Бора-бора бу зиддият очиқчасига адоватга айланибди.

Аммо бир кун ўрмонга чақмоқ уриб, ёнғин чиқибди. Бу ёнғинда қўнғир дарахтлар ҳам, сариқ дарахтлар ҳам омон қолмабди. Талвасага тушган маймунлар дарахтларидан тушиб, ўрмондан қочиш билан ўз жонларини сақлаб қолишибди. Ва улар аслида ҳамма дарахт ерда ўсишини, қачонлардир улар ана шу ердан паноҳ топиб яшашганини эслашибди. Улар ўртасидаги бўлиниш ва адоват сунъий экани фош бўлиб, улар яна аҳил-иноқ яшай бошлашибди…

Биз бу дунёга у ҳақида кўп нарсани билмай келамиз. Ҳаёт бизга айнан бу дунёнинг сирларини ўрганиш учун берилади. Кимдир бу дунёга кенгроқ назар ташлаш учун илм-фан дарахтига тирмашса, кимдир бунда ўзига дин дарахтини танлайди.

Бунда нотўғри танлов бўлмайди. Ҳар қандай дарахт инсонни буюк юксакликларга олиб чиқиши мумкин. Илм-фан ҳам, дин ҳам одамни бу дунёни яхшироқ англашига, ўзининг бу дунёда тутган ўрнига одилроқ баҳо беришига ёрдам бера олади. Ҳар қандай дарахтни танлаган одам ҳам адашмайди.

Лекин кўпчиликнинг ўз танловига бўлган муносабати муҳимлик сабаб нотўғри томонга оғиб кетади. Улар ўз танловлари аҳамйтаини ошириб юборишади. Натижада уларда ўзлари танлаган дарахтни бошқа дарахтлардан устун қўйиш истаги алангаланади. Муҳимлик сабаб, улар ҳаётлари бошида ерда юрган маймунча бўлганини унутишади (одамни маймунга тенглаштирганим қайсидир дарахтга чиқиб олиб, ўз ҳақлиги ҳақида оламга жар солаётган одамлар шахсиятига тегиши мумкин – аммо улар ўзларини бу дунёдаги бошқа мавжудотлардан юқори ҳисоблаб, маймунга тенглаштирилишдан ҳазар қилса, бу уларнинг муҳимлигидан дарак).