Демак, шахслар ўз кўнглига қараб касб-ҳунар танлашини таъминлаш жамият соғлом ва мувозанатда бўлишини белгилайди. Алоҳида соҳаларга катта аҳамият бериш шу соҳа вакиллари кучсизлашишига, бутун жамият ва иқтисод зарар кўришига олиб келади.
Ўз кўнгли мойиллигига қараб касб танлашнинг яна бир ажойиб афзаллиги бор: бундай мутахассиснинг қадри доим баланд бўлади. Бугун ёшлар орасида шундай ишонч мавжуд – ҳар қанча истеъдодли бўлса ҳам, таниш-билишлари ва таъсир доираси бўлмаган мутахассис қадр топиши қийин. Бу узоқни кўра билмай айтилган хулосадир. Чунки ўз ишининг устаси бўлган одам ўз ишини моҳирона бажаради – сифатли қилинган ишнинг қадри эса ҳеч қачон тушмайди.
Бой танишингиз отасининг дастаги билан катта корхонага ишга жойлашади. Лекин у корхонага ишдан натижа керак бўлсаю, ходим уни етказиб бера олмаса – куни келиб иш берувчи шу вазифани юқори сифатда уддалайдиган мутахассисни излаб топади.
Сиз ўз соҳангизда ана шундай тенги йўқ маҳоратга эришинг, токи асоссиз сабабларга кўра чала мутахассисларни ишга олиб оғзи куйган иш берувчи охири сизни излаб келсин.
Мақсадларга эришиш ҳақида учинчи китобда суҳбатлашган эдик. Эсингизда бўлса, мақсад сизники бўлса ва у бут мақсад бўлса – унга эришиш учун сизда ҳамма имкониятлар борлигини таъкидлаган эдик. Севган касбини танлаш ва шу касбда юқори савияли мутахассис бўлишни мақсад қилиш ва унга интилишда ҳам ана шу тамойилга амал қилиш даркор.
Кўпчилик ёшлар касб танлашда шу касбнинг «обрўсини» чамалашга уринадилар. Қанча обрўли касб бўлса, шунча яхши. Негадир, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлаш учун одамга етук ақлий қобилиятлар керак эмас деган хато тушунча ҳалигача жуда кенг тарқалган. Ҳар бир соҳада ақл керак – ахир, ақл самарадорликка эришиш учун энг зўр қурол. Ақлини ишлата билмаган агроном ёки чорвадор ҳосилни нобуд қилиши ёки одамларни заҳарлаб қўйиши мумкин. Зеҳн билан иш тутган агроном ёки чорвадор ўз ишида шундай самарага эришадики, унинг тажрибасини керак бўлса оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ таққанлар келиб ўрганади.
Алоҳида шахслар ўз истакларига кўра соҳа ва касб танлашлари учун давлатдан кўп нарса талаб этилмайди. Давлат бу жараёнга халал бермаса ва ҳар ким ўзи қизиққан соҳасини ўрганиши учун зарур шароитларни яратиб берса бўлгани. Қолганини ҳужайраларнинг ўзи бажаради. Албатта, ҳамма шароит мавжуд бўлса ҳам, баъзи одамлар муҳимликка берилиб, нотўғри касбни танлаши мумкин. Лекин кучли шахсият эгаси бўлишни тарғиб қилиб, биз сергакликни одат қиламиз ва касбимизни ҳам ўз кўнглимиз амрига қараб танлаймиз.