Ўзлик сари етти қадам – 5. Шахс ва давлат - страница 9

Шрифт
Интервал


Хўш, қачон одам ўз ҳаётидан мамнун бўлади? Ушбу туркум китоблари орқали суҳбатларимиз бу саволга жавоб беришга қаратилган. Одам бахтли яшаши учун унга сергаклик керак, у ўзи севган касби билан машғул бўлиши керак, мақсадларини аниқ билиши ва шу мақсадлари томон хотиржам бориши керак.

Одамлар сергак бўлиш ва ўз шахсиятларини кучайтиришга ўзлари масъуллар. Ана шундай масъулиятини ўз қўлига ола билганлар қаторида биз ҳам шу китобни ёзяпмиз ва ўқияпмиз.

Аммо иккинчи шарт бажарилиши учун (биз севган касбимиз билан шуғулланишимиз учун), давлат ва жамият бунга шароит яратиши лозим. Мана шу ерда давлатнинг алоҳида шахсларга бўлган муносабати тўғри йўлга қўйилмаган бўлса – унда жамиятни ташкил қилган ҳужайралар касалланади. Яъни ҳар ким ўзи севган касбни эгаллай олмайди.

Ўзи қизиқмаган ва суймаган иши билан шуғулланган одам худди ўз имконидан ташқари ишни қилаётган ҳужайрага ўхшайди. Қондаги кислород ташувчи ҳужайралар айнан тананинг барча қисмига қувват манбайини етказишга мослашган – агар улар бошқа вазифани бажаришига тўғри келса, улар буни самарали уддалай олмайдилар ва тана соғлиги хавф остида қолади.

Агар давлат қайсидир соҳаларни тарғиб қилишга ўта катта аҳамият бериб, бошқа соҳаларни эътиборсиз қолдирса, жамиятда шу тарғиб қилинган соҳага сунъий қизиқиш пайдо бўлади. Айтайлик, давлат ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, иқтисодчи ва ҳуқуқшуносларни тарбиялашга кўпроқ урғу бериши мумкин. Бунда аслида иқтисод ёки ҳуқуқ соҳасига қизиқиши бўлмаган ёшлар ҳам шу соҳаларни эгаллашга уринадилар. Ваҳоланки, сунъий қизиқиш ортидан иқтисод ёки ҳуқуқни танлаган ёшларнинг орасида муҳандислик ёки микробиологияга кучли мойиллиги бор иқтидор эгалари бўлиши мумкин. Жамиятга муҳандислар ва микробиологлар ҳам керак – жуда керак. Уларнинг аҳамияти иқтисодчи ёки ҳуқуқшуносларникидан асло кам эмас.

Жамиятдаги муҳит бир нечта соҳаларни ёқлайдиган бўлмаслиги лозим. Чунки бундай муҳитда муҳим деб билинган соҳа бўйича кўплаб самарасиз ва сифатсиз мутахассислар тарбияланади. Ҳаётий зарур бўлган бошқа соҳалар эса ривожланишда оқсай бошлайди. Жамият организмида бир гуруҳ ҳужайралар сустлашса – бу бутун вужудни касаллантиради.

Инсон танасида турли хил вирус ва бактерияларга қарши курашадиган лейкоцит деб номланадиган ҳужайралар бор. Уларни оқ қон таначалари деб ҳам атайдилар. Агар нимадир сабаб билан қонда лейкоцитлар миқдори ошиб кетса, одам лейкоцитоз ёки кескин ҳолларда оққон касаллиги билан оғрий бошлайди. Жамиятда ҳам бир соҳа вакиллари ҳаддан ошиқ кўпайиб кетса, улар ўз соҳалари бўйича самарали ишлаш ўрнига, жамиятга зарар етказа бошлайдилар.